Давлат хавфсизлик хизмати бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва божхона хизмати билан биргаликда Тошкент ва бир қатор вилоятларда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ҳолатларига чек қўйдилар, деб хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Тезкор тадбирлар давомида ДХХнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари ва чегара қўшинлари ҳарбийлари Амударё орқали Ўзбекистонга ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқаросини қўлга олишди. Шахсий кўрикдан ўтказилганда, ундан 9 кг 84 г афюн топилди ва процессуал тартибда ундан олиб қўйилди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан чегарада воқеа содир бўлганини — қандайдир наркобарон Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга уринганини айтганди.

Худди шу вилоятнинг ўзида, репортажда айтилишича, тезкор ходимлар 6 кг 80 грамм гашишни 30 минг долларга сотаётган уч киши — Сурхондарёнинг Узун тумани ва Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшочи фуқароларни қўлга олган.

Самарқанд вилоятида ДХХ ходимлари вилоят ички ишлар бошқармаси ва божхона бошқармаси вакиллари билан биргаликда Тошкентдан Самарқандга кетаётган Kia автомобилини ЙПХ постида тўхтатишди. Автомобиль текширилганда, икки самарқандликка тегишли 5,9 кг опий аниқланди ва мусодара қилинди.

Яна бир ҳолат Тошкент вилоятида қайд этилди. Пойтахтга кираверишда Жиззахдан келаётган Nexia 3 тўхтатилганида, Бахмал туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг 2,8 кг опий олиб кетаётгани аниқланди.

Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Яккасарой ҳудудида яшовчи фуқаронинг машинасидан 80 грамм гашиш топди. У гиёҳванд моддаларни илгари судланган танишидан сотиб олганини айтди, кейинчалик унинг машинасида 5,2 кг гашиш топилиб, мусодара қилинди.

Хабарда, шунингдек, Наманган вилоятида Бекобод шаҳрида яшовчи бир киши қўлга олингани, унинг кейинчалик сотиш учун Қўқонга 2 кг гашиш олиб кетаётгани ҳақида сўз боради

Қайд этилишича, аниқланган ва мусодара қилинган гиёҳванд моддаларнинг асосий қисми — 17,8 кг опий ва 13,3 кг гашиш — Тожикистондан ноқонуний йўл билан олиб ўтилган.

Ҳозирда юқорида номлари кўрсатилган шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.