Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов 14 сентябрь куни вазирлик таркибига кирувчи Тошкент давлат юридик университетининг бир гуруҳ профессор ва ўқитувчилари билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

У ўз нутқида бугунги кунда илмий ишларнинг амалиёт ва бугунги кун талаблари билан етарлича боғлиқ эмаслигини танқид остига олди. Унинг сўзларига кўра, соҳада яратилаёган илмий-тадқиқот ишлари сиёсий-ижтимоий ҳаётдан узилиб, тобора назарийлашиб ва енгиллашиб бормоқда.

Русланбек Давлетов мамлакат аҳолиси йиллар давомида тўқнаш келган кўчмас мулкларнинг бузилиши фуқароларнинг ҳукуматга ишончига таъсир кўрсатганини тилга олди.

«Снос масаласи халқнинг давлат органларига ишончи ва имижига таъсир қилмади дея оламизми? Одамлар бир-бирини ёқиш орқали муаммони ҳал қилиши — бу цивилизациянинг ортга кетиши эди. Буни нега ўрганмайсизлар? Нега юридик университет домлалари бу борадаги ҳуқуқий муносабатларни ўрганмайди? Бировларнинг мулкини олиб қўйиш тартиби, механизмлари ва чекловлар масаласини илмий ўрганса бўлади-ку», — дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради унинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова.

Адлия вазири халқнинг давлат органларига ишончи нақадар муҳимлиги вакцинация жараёнида кўзга ташланганини таъкидлади. «Қаерда, қайси мамлакатда давлатга халқнинг ишончи юқори бўлса, вакцинация даражаси шунча юқори бўляпти — булар ўзаро тўғри пропорционал», — деди у.

«Бизда вакцинация жуда яхши кетяпти деб айта олмаймиз, чунки одамларда ишончсизлик ҳамон мавжуд (Бошқа давлатлардагидек бир хил вакциналар келтирилаётган бўлсада). Бунинг сабаблари ҳам қонунийлик ва ҳуқуқийликнинг таъминланганига боғлиқ. Ўрганиш, тадқиқотлар борми бу ҳақида?» — деган саволни ўртага ташлади вазир.

Тақиқлар ва ишончсизлик

Россия иқтисодиёт мактаби (РИМ) ректори Рубен Ениколопов ва РИМ профессори Дарьа Дзябура Forbes учун ёзган мақоласида ҳукуматга бўлган ишонч даражаси ва чораларнинг қатъийлиги ўртасида тўғридан -тўғри боғлиқлик борлигини таъкидладилар: ишонч қанчалик юқори бўлса, одамларни эмлаш зарурлигига ишонтириш шунча осон. Аксинча, қаерда ишонч паст бўлса, шунча қаттиқ чоралар кўриш керак. Бу, масалан, 2018−2019 йилларда Эбола эпидемияси пайтида Конгода кузатилган.

Орхусс университети (Дания) сиёсатшунослик профессори Герт Тингаард ҳам бу алоқага ишора қилади. У Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида биринчи бўлиб коронавирус билан боғлиқ барча чекловларни бекор қилган Дания муваффақиятини данияликларнинг юқори ижтимоий масъулияти ва уларнинг ҳукуматга ишончи билан изоҳлади. «Агар бошқа одамларга ёки ҳокимиятга бўлган ишонч даражаси паст бўлса, коронавируснинг олдини олиш учун янада кескин чоралар кўриш керак», деди у.

Эслатиб ўтамиз, эмлаш даражаси пастлиги ортидан президент 3 август куни аҳолининг айрим тоифаларини мажбурий эмлашга рухсат берувчи ва иш берувчиларга профилактик эмлашдан бош тортган тақдирда иш берувчини ишдан вақтинча четлатиш ҳуқуқини берган қонунни имзолади.

Ўзбекистон ҳукумати 1 ноябрга қадар аҳолининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлашни режалаштирмоқда. 14 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда 17,4 миллиондан ортиқ вакцина дозалари ишлатилган. Биринчи дозани 10,14 миллион, иккинчисини — 5,43 миллион, учинчисини — 1,85 миллион киши олган. 3.34 миллиондан ортиқ киши эмлашнинг тўлиқ курсини тугатди (18 ёшдан ошган аҳолининг қарийб 15,6 фоизи ва умумий аҳолининг 9,5 фоизи). Қозоғистонда 6 миллиондан ортиқ одам (аҳолининг 31,7 фоизи) тўлиқ эмлаш курсидан ўтди, Мўғулистонда — 2,1 миллиондан ортиқ (63,3%), Грузияда — 619 минг (15,5%) эмлаб бўлинган.