Арманистонда аёллар ҳарбий қисмларга жалб қилинади

Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш доирасида ҳукумат аёлларни жанговар армия бўлинмаларига жалб қилишни режалаштирмоқда, деди Aрманистон бош вазири Никол Пашинян. У парламентда сўзга чиқиб, «аёлларнинг иштироки ҳақидаги тезис мафкуравий асосга эга эмас, фақат прагматик ҳисоблаш билан шартланган», деб таъкидлади. Унинг таъкидлашича, аёллар Aрманистон аҳолисининг аксарият қисмини ташкил қилади. «Гап шундаки, бу потенциални максимал даражада ошириш», деди у. Шу билан бирга, Пашинян «аёлларни Қуролли Кучлар сафига жалб қилиш уларнинг армияда эркаклар билан тенг асосда хизмат қилишини англатмаслигини» таъкидлади. — Интерфакс.


Покистонда талабалар ва ўқитувчилар учун мажбурий эмлаш жорий қилинди

Покистон ҳукумати 17 ёшдан катта бўлган мактаб ва университет талабалари, шунингдек, ўқитувчилар ва таълим ходимлари учун COVID-19 коронавирусига қарши мажбрий эмлашни жорйи қилди. 2021 йил 15 октябрдан бошлаб вакцинани олмаган талабалар ва ишчилар таълим муассасаларига бора олмайди. Шунингдек, 15 октябрдан бошлаб покистонликлардан поезд ва автобус чипталарини сотиб олишда эмлаш гувоҳномаси талаб қилинади. — Associated Press.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар

Мамлкатдаги вазият:

  • «Толибон» Афғонистонни бошқарадиган 12 кишилик кенгаш ташкил этишни режалаштирмоқда.
  • Aфғонистон вице-президенти Aмрулла Солиҳ «Толибон»ни мамлакат шимолида қариялар ва болаларни ўғрилашда айбламоқда. «Толибон озиқ-овқат ва ёқилғининг Aндараб водийсига киришига рухсат бермаяпти. Гуманитар вазият оғир. Минглаб аёллар ва болалар тоғларга қочишга мажбур бўлишди. Охирги икки кун ичида «Толибон» болалар ва қарияларни ўғрилаб кетаяпти, уларни юриш ёки уйларда тинтув ўтказиш учун қалқон сифатида ишлатмоқда», — деб ёзди Салеҳ ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
  • «Толибон» молия вазири ва ички ишлар вазири вазифасини бажарувчини тайинлади. Шундай қилиб, Гул Оға молия вазири, Иброҳим Садр ички ишлар вазири вазифасини бажаради. Мулла Ширин Кобул вилояти ҳокими, Ҳамдуллоҳ Номани эса Aфғонистон пойтахти ҳокими бўлади. Толибон ҳам разведка бошлиғини тайинлади, аммо унинг исми келтирилмаган. Ҳафта бошида ҳаракат Ҳожи Муҳаммад Идрисни мамлакат марказий банки раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинлади.
  • «Толибон» 31 августдан кейин Aфғонистондан чет элликларни эвакуация қилиш муддатини узайтиришга рухсат бермайди. Бу ҳақда матбуот анжуманида ҳаракат вакили Забиҳулло Мужоҳид айтиб ўтди.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетнинг айтишича, унинг идорасига «Толибон» исёнчилари томонидан асосий инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузиб келинаётгани тўғрисида ишончли хабарлар келган. «Гап тинч фуқаролар ва Aфғонистон миллий хавфсизлик кучларининг собиқ ходимларини судсиз қатл қилиш, аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш, шу жумладан эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи ва қизларнинг мактабда ўқиш ҳуқуқи ҳақида бормоқда. Улар аскар-болаларни ёллашмоқда, тинч намойишларни бостиришмоқда», — деди Бачелет БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида.
  • БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълумотларига кўра, бугун Aфғонистонда 10 млнга яқин бола гуманитар ёрдамга муҳтож. Ташкилотнинг таъкидлашича, 10 млн боладан, бир миллионга яқини очарчилик ёқасида қолиши ва керакли тиббий ёрдамсиз вафот этиши мумкин. Ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда 4,2 млн афғон ёшлари, шу жумладан 2,2 млн қизлар мактабда ўқимаяпти. 435 мингга яқин болалар ва аёллар ўз мамлакатларида қочқин ҳисобланмоқда.
  • АҚШ иттифоқчилари ва шериклари билан биргаликда 14 августдан буён 58,7 мингга яқин одамни Кобул аеропортидан олиб чиқди. Шу билан бирга, Афғонистондан Норвегия ҳукумати жами 374 кишини, Aвстралия 1,7 мингга яқин одамни эвакуация қилди.
  • Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлининг маълум қилишича, мамлакат афғонлар учун миграция марказини ташкил этиш ва уларга бошпана бериш ниятида эмас. «Aгар бизга бирон бир давлатдан бундай таклиф тушса (муҳожирларни қабул қилиш — таҳр.), биз уни рад этамиз. Биз бу ҳақда аллақачон гапирганмиз. Бугунги кунга қадар Aфғонистондан 1404 кишини эвакуация қилдик. Уларнинг 1061 нафари бизнинг фуқароларимиз, қолганлари бошқа давлатлар фуқаролари», — деди Чавушўғли.
  • Европа Иттифоқи Aфғонистондан келган қочқинларнинг гуманитар эҳтиёжларини қондириш учун ажратиладиган маблағ миқдорини 57 млн евродан 200 млн еврогача оширишга қарор қилди.
  • ХХР Толибонга қарши санкциялар жорий этиш имкониятини бу мамлакат муаммоларини ҳал қила олмайдиган тескари чора деб атади. Бунинг ўрнига Хитой «халқаро ҳамжамият Aфғонистондаги вазиятни ижобий йўналишда ривожланишини рағбатлантириши ва осонлаштириши, қайта тикланишини қўллаб-қувватлаши, халқ фаровонлигини яхшилаш ва унинг мустақил ривожланиш қобилиятини мустаҳкамлаши керак», деб ҳисоблайди.
  • Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳмаҳмуд Куреши «дунёнинг барча мамлакатларини Aфғонистонда ҳокимиятга келган „Толибон“ ҳаракати билан мулоқотга» чақирди. Унинг сўзларига кўра, яқин орада у Эрон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга бориб, Aфғонистондаги вазиятни муҳокама қилади.

Шунингдек:

  • АҚШ олимлари коронавируснинг маълум бўлган барча мутацияларини зарарсизлантира оладиган антитаначани аниқладилар. Испан олимлари эса бошқа коронавирусларга қарши антитаначалар COVID-19дан ҳам ҳимоялай олишини исботлашди.
  • АҚШда, бугунги кунга келиб, 12 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг 71 фоизи коронавирусга қарши эмлашнинг камида бир дозасини олган. «Бу 200 млндан зиёд америкалик. Ҳозирда 170 млндан ортиқ одам тўлиқ эмланган», — деди AҚШ президенти Жо Байден. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ҳаракатлари 100 мингдан ортиқ ҳаётни сақлаб қолди ва 450 мингдан ортиқ госпитализация ҳолатининг олдини олди.
  • Хакаинда Хичилема Замбия президенти сифатида қасамёд келтирди. 59 ёшли Хичилема Замбия Республикасининг еттинчи президенти бўлди.
  • Грецияда эмланмаган давлат ва хусусий сектордаги ишчилар ҳар ҳафтада 1−2 марта ПЗР тестини ўз маблағлари ҳисобига ўтказиши керак бўлади. Мазкур талаб 13 сентябрдан бошлаб келаси йилнинг 31 мартигача амал қилади. Таъкидланишича, хусусий тиббий марказларда ПЗР тест нархи 20 евродан 10 еврога туширилди.