Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди, дея хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Департамент маълумотларига кўра, департамент ҳамда ДХХнинг Учтепа тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент давлат аграр университети спорт клуби мураббийи С.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Ш. ни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4200 долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чиноз тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўрганувчи-ўқитувчиси И.Б. фуқаро Р.ни 7000 доллар эвазига юқори лавозимида ишловчи танишлари орқали ушбу университетга ўқишга киритиб қўйишга ишонтириб, олдиндан 3500 долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.