Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Самарқанд вилояти бўйича муқобил COVID-19 статистик маълумотларини келтирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 5 октабрь соат 23:00 га қадар Самарқанд вилоятида 2160 та коронавирус ҳолати аниқланган ва 2017 нафар бемор тузалган, яъни бугунги кунда COVID-19 билан касалланган 143 бемор даволанмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, Самарқанд вилоятида тиббиёт муассасаларида даволанаётган коронавирус беморларининг ҳақиқий сони 1155 нафарни ташкил этади.

«Нима учун биз [статистикани] 10 баравар камайтиришимиз керак? Эҳтимол, бу коррупция эмасдир. Бунинг сабабларини ўрганишимиз керак. Самарқанд вилояти мисолида шуни айтишим мумкинки, барча вилоятларда аҳвол шундай. Яъни, биз статистикани ҳам, тиббиёт ходимларига тўловларни ҳам, тендерларни ҳам, давлат харидларини ҳам, энг муҳими, оилавий алоқаларни [давлат хизматида] ҳар томонлама ўрганишни хоҳлаймиз», — деди у.

Аввалроқ, Андижон вилояти ҳокимлиги 7 октябрь ҳолатига кўра, ҳудудда кислород концентраторлари билан таъминланган 2152 та махсус жиҳозланган ётоқ ўрни захираси борлиги ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, журналист Хуршид Далиев коронавирусга чалинган ҳомиладор аёлларнинг полда ётган суратларини эълон қилди. Ваҳоланки Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий статистик маълумотларида 6 октябрь ҳолатига кўра, Андижон вилоятида атиги 99 бемор коронавирусдан даволанмоқда.