Тошкент шаҳри марказида Hampton by Hilton меҳмонхонаси қурилмоқда, дея хабар берди Spot пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотларига таянган ҳолда.

Hampton by Hilton — Американинг Hilton меҳмонхоналар тармоғига тегишли бренд ҳисобланади. Бренди ўртача даражадаги нархларга эга меҳмонхоналарни ўзи ичига олади. Уларнинг аксарияти хусусий франчайзиларга тегишли, айримлари компаниянинг ўзини бошқарувида. Маълумотларга кўра, ҳозирда бутун дунё бўйлаб 2731 та бундай меҳмонхона мавжуд.

Меҳмонхона энди қурилаётганига қарамай, унга оид маълумот «Яндек.Харита»да пайдо бўлган. Объект Истиқбол кўчасида, KFC ресторани ёнида, Халқаро Вестминистер университети рўпарасида жойлашган.


Лойиҳа буюртмачиси Asia Star Plaza компанияси бўлиб, ягона давлат регистри маълумотларига кўра, компания 2020 йилнинг 29 январида пойтахтнинг Яшнобод туманида рўйхатга олинган. Йўналиши — меҳмонхоналар ва муқобил турар жойлар.

Таъсисчилар сифатида Назимжон Усмонов (50 фоиз) ва Бахтиёр Қорахўжаев (50 фоиз) кўрсатилган. Қорахўжаев, шунингдек, меҳмонхона раҳбари ҳисобланади.

Бахтиёр Қорахўжаев, очиқ маълумотларга кўра, меҳмонхона ишида тажрибага эга ҳисобланади. У 2018 йилнинг июнида рўйхатдан ўтган Poytaxt Tower компанияснинг (Citizen Hotel меҳмонхонаси, Sky Lounge ресторани) 100 фоиз улушига эгалик қилади. Шунингдек, у Тошкент вилоятидаги Wellmore Resort ва пойтахтдаги Hilal Hotel меҳмонхоналарини бошқарувчи Citizen Travel компаниясининг 37,3 фоиз улушига эгалик қилади.

Назимжон Усмонов умумий овқатланиш соҳасида тажрибага эга. У International Foodchain (KFC'ни бошқарувчи)нинг 46 фоиз улушига, шунингдек, Food Grand (озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи савдоси, жумладан, балиқ, қисқичбақасимонлар ва моллюскалар) компанияснинг 35 фоизига эгалик қилади.

Меҳмонхонанинг очилиши тўғрисида биринчи бор 2020 йилнинг мартида маълум бўлган. Ўшанда NRG (Murad Buildings ва Қозоғистоннинг BI Group қўшма лойиҳаси) компанияси ушбу меҳмонхонани қуришни режалаштираётгани айтилганди.