Қашқадарё вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи А.Ё. мухбир А.Г.ни бошқармада матбуот котиби бўлиб ишга олиш учун ўзи билан бир кечага қолишни таклиф этган. Бу ҳақда Nasafnews хабар берди.

А.Г.нинг таъкидлашича, бошқарма бошлиғи олдинроқ ҳам шунга ўхшаш таклифлар қилган.

«Бу таклифни менга аввал ҳам билдирган эди. Кейин эса ҳазиллашдим, деб қўйди. Бир неча кун ўтгач яна шу мавзуда гап очди. Мен эса энди бошлиқнинг бу гапини тобора жиддий қабул қила бошладим. Ишдан кўнглим совиб, ташкилотга боргим келмай қолди», — дейди у.

Маълум бўлишича, беш ой давомида расман ишга олинмаган матбуот котиби А.Г.га ташкилот раҳбари А.Ё. Шаҳрисабзда ёшлар фестивалида ташкил қилинган фитобар лойиҳасини ёритишни таклифи қилган ва уни Қаршидан ўз машинасида олиб кетишини айтган.

Машинага ўтирган қиз раҳбардан нега ҳозиргача расман ишга олинмаганининг сабабини сўраган. А.Ё. эса унга «Мен билан бир кеча қоласизми?» дея таклиф билдирган. Мухбир нима учун қолиши сабаби билан қизиққан. Раҳбар «эркаклар билан бир кеча қолган вақтда нима қилишни билмайсизми?» деб жавоб берган. Шундан сўнг А.Г. уни машинадан тушириб қолдиришларини сўраган.

«Охирги марта яна шу ҳақда очиқчасига ҳайдовчисининг олдида тап тортмай, уялмай гап очганида таклифи жиддий эканлигини тушундим ва бу ерда бошқа ишламасликка қарор қилдим. Очиғи, менга қилинган бу муносабатдан сўнг ҳамма ёш, ўқиб, ишлаб, карьера қиламан деган қизларга нисбатан раҳбарлар шунақа муносабатда бўлар экан деб, кечгача йиғлаб ўзимга кела олмадим. Шок ҳолатидаман. Наҳотки, мен шунақа қиз бўлсам. Юриш-туришим, ўзимни тутишимда бирор камчилик бўлса, атрофимдагилар айтишган бўларди. Унақа тарбия олмаганим учун бу ҳолат руҳиятимга шунақа таъсир қилдики, ҳалигача ўзимга кела олмаяпман», — дейди А.Г.

Орадан бир неча кун ўтиб, А.Г. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котиби Отабек Ашуровга ушбу воқеа ҳақида хабар берган. Воқеадан Қашқадарё вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси масъул ходими ҳам хабар топиб, А.Г.ни тинчлантиришга уринган. Бошқарма масъул ходими мухбирга аввалига телефон қилган, кейинчалик SMS хабар ёзиб, бошқарма бошлиғининг укаси «катта жойда ишлашини» ва тинч юрмаса, ўзига қийин бўлишини айтган.

Фото: Nasafnews

Nasafnews мухбири ҳолат юзасидан қўмита матбуот котиби Отабек Ашуров билан боғланган. Матбуот котиби ушбу ҳолатдан хабари борлигини таъкидлаган. «Ҳа, хабарим бор. Эшитган кунимоқ буни тегишли тартибда раҳбариятга билдирганман. Ҳозир шу иш бўйича суриштиришяпти. Яхши иш бўлмабди. Ёзиевнинг ўзи билан гаплашганимда „ҳазиллашдим, шунчаки ҳазиллашдим“, деб жавоб берди. Қизни синглимдек кўраман. Бўлиб ўтган ишдан афсусдаман. Командировкага кетиб қолган эдим. Энди масалани тўлиқроқ ўрганаман», дея жавоб берган.

А.Г.нинг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, унинг бошқарма ахборот хизмати раҳбари сифатида иш бошлаганидан АОКАнинг вилоятдаги масъуллари ҳам хабардор бўлган.

«Тўғри, нега беш ой маошсиз ишлагансиз деб савол беришингиз тайин. Аслида бошқарма масъуллари қўмитага айтиб, тез орада маошим масаласини ҳал қилишларини айтишганди. Ўзаро келишув асосида ишлаб келаётгандим», — дейди бошқарма матбуот котиби бўлишга давогар бўлган қиз.

Аниқланишича, А.Г. бир вақтнинг ўзида ҳам бошқармада, ҳам бошқарманинг Китоб туман бўлимида матбуот котиби вазифасини амалга оширган. Бошқарманинг Китоб туман бўлими масъуллари унга ваъда қилинган маошни ўз вақтида тўлаб турган.