Тошкентда ўз танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ўқитувчиси ушланди, дея хабар қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департамент маълумотларига кўра, Чирчиқ давлат педагогика институти ўқитувчиси Ш. Э. фуқаро Б.Т. ва Э.Ж.ни ушбу институт ёки Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. У департамент ҳамда ДХХнинг Шайхонтоҳур туман бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 6000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.