Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳон спортида қатор аҳамиятли воқеалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади.

7 июнь куни Латвияда хоккей бўйича жаҳон чемпионати якунига етди. Мусобақанинг финал баҳсида Канада Финляндияни овертаймда мағлубиятга учратди. Бу орқали Канада 2016 йилдан буён илк совринини қўлга киритди. Умумий ҳисобда канадаликлар 27-мароатаба жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлишди.

Шу куни Тошкентда қўл жанги бўйича катталар ўртасидаги VI Жаҳон чемпионати якунланди. Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 30 та медални (8 та олтин, 11 тадан кумуш ва бронза) қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

7 июндан 8 июнга ўтар кечаси футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 саралаши 2-босқичи доирасида олтинчи ўйинини Сингапур терма жамоасига қарши ўтказди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур ўйинда Сингапур дарвозасига жавобсиз 5та тўп киритди. Жалолиддин Машарипов дублга эришган бўлса, Элдор Шомуродов ва Одил Aҳмедов ҳам ўз ҳисобларига гол ёздириб қўйишди. Шунингдек, Ирфон Фанди автогол соҳибига айланди.

Ҳаваскор боксда Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров профессионал боксдаги навбатдаги жангини 26 июнь куни AҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказади. Одатда биринчи яримўрта вазн (63,5 кг) тоифасида фаолиятини олиб борган Фазлидин (9−1, 5 КО) 26 июн куни AҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида ташкил этиладиган бокс оқшомида рингга кўтарилади.

Боксчининг «Olamsport.com» нашрига хабар беришича, Ғоибназаров шу куни яримўрта вазн (66,7 кг) тоифасида жанг ўтказади ва унинг рақиби мағлубият нималигини билмай келаётган америкалик Куинтон Ренделл (8−0, 2 КО) бўлади.

11 июндан 11 июлгача Евро-2020 мусобақаси бўлиб ўтади. «Газета.uz» ушбу мусобақа формати, турнирдаги ўйинлар тақвими, футбол учрашувлари ўтказиладиган шаҳарлар ҳақида батафсил маълумот беради.

11 июнь куни Тошкент шаҳрида профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди. Кечанинг марказий жангида ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев танзаниялик Салиму Женгога қарши жанг қилди. Шоҳжаҳон Эргашев танзаниялик рақибини техник нокаутга учратди. Салиму Женго мувозанатдан чиққанидан сўнг рефери жанг якунланганини эълон қилди. Боксчиларнинг баҳсни давом эттиришни талаб қилганига қарамай қарор ўзгармади.

11 июндан 12 июнга ўтар кечаси футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 саралаши 2-босқичи доирасида олтинчи ўйинини Яман терма жамоасига қарши ўтказди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур ўйинда Яман терма жамоасига билан бўлиб ўтган ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона гол Жалолиддин Машарипов томонидан пеналтидан киритилди. Иккинчи бўлимда эса Одил Aҳмедов Яман дарвозаси томон қўйилган иккинчи пеналтини голга айлантира олмади.

12 июнь куни Европа чемпионатининг Б гуруҳидан ўрин олган Дания — Финляндия учрашуви Кристиан Эриксеннинг ўйин вақтида ҳушидан кетиб, майдонга йиқилиши сабаб тўхтатилди. Ҳозирда футболчининг аҳволи яхши, у ўзига келган. Ўйин эса маълум танаффусдан кейин яна давом эттирилди. Ушбу баҳсда Финляндия терма жамоаси 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шунингдек, кеча теннис бўйича «Ролан Гаррос»да аёллар ўртасидаги баҳслар якунига етди. Мусобақа финалида чехиялик Барбора Крейчикова россиялик Aнастасия Павлюченковага қарши кортга чиқди. 1 соат 56 дақиқа давом этган ўйинда Крейчикова 6:1, 2:6, 6:4 ҳисобларида ғалаба қозонди ва мусобақа ғолибасига айланди. Ушбу ғалаба орқали чехиялик теннисчи 1, 690, 000 AҚШ доллари ва 2000 рейтинг очкоси ишлаб олди. Бу Крейчикова учун «Катта Дубулға» мусобақаларидаги илк соврин бўлди.