7 июндан 8 июнга ўтар кечаси футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 саралаши 2-босқичи доирасида олтинчи ўйинини Сингапур терма жамоасига қарши ўтказди.

Биринчи бўлимнинг 6- ва 34-дақиқаларида Жалолиддин Машарипов, 45+1-дақиқада эса Элдор Шомуродов урган голлардан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси танаффусга 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан йўл олди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида эса ҳисоб янада йирик кўриниш олди. 50-дақиқада Одил Аҳмедов гол уриб ҳисобини 4:0 га келтирган бўлса, 89-дақиқада айнан Одил Аҳмедовнинг узатмаси голга айланди. Тўп ҳимоячи Ирфан Фандининг бошига тегиб, дарвоза тўридан жой олди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Учрашувдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ўз фикрларини билдирди.

«Биринчи навбатда йигитларни табриклаган бўлардим, сабаби бундай қийин шароитда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Албатта, ҳисоб хурсанд қилади, аммо бундай ўйин учун кўплаб сариқ карточкалар ва жароҳатланган ўйинчилар (Ҳожимат Эркинов ва Ҳожиакбар Алижонов — таҳр.) ҳам бор. Майдон бироз қаттиқроқ, бу нима билан боғлиқ эканлигини билмайман, аммо ўйинчилар оёқларини шикастлаб олишди, афсус.

Ўйин борасида ҳам эътирозлар бор. Умид қиламанки, бу илк ўйиндаги ҳаяжон билан боғлиқ ҳолат. Эртага тиззасидан жароҳат олган ўйинчиларнинг ҳолати аниқ бўлади. Ўйинда мажбурий ўзгаришлар бўлди ва режага бироз путур етди, айрим ўйинчиларга дам бермоқчи эдик, аммо улар охирига қадар ўйнашга мажбур бўлишди", — дейди Абрамов.

Ғалабадан сўнг Ўзбекистон очколарини 12тага етказиб, пешқадам Саудия Арабистонидан (14 очко) 2 очкога ортда қолмоқда. Шунингдек, Вадим Абрамов жамоаси гуруҳда камида 2-ўринни қўлга киритиши аниқ бўлди. Кейинги ўринларда Фаластин (7 очко) ва Сингапур (7 очко) қолган бир ўйинида ғалаба қозонишса ҳам, Ўзбекистонга ета олишмайди.

Видео

Тўлиқ ўйин

Фото


Барча фотолар: ЎФА матбуот хизмати