11 июндан 11 июлга қадар бўлаётган Европа чемпионати мусобақаси B гуруҳидан ўрин олган Дания — Финляндия учрашуви тўхтатилди. Ўйиннинг 43-дақиқасида даниялик ярим ҳимоячи Кристиан Эриксен майдонда ҳушидан кетиб йиқилди.

Фото: gettyimages.com

Мазкур вазиятни пайқаган ҳакам ва футболчилар майдонга тиббиёт ходимларини чақиришди. Маълум бўлишича, футболчи ҳеч ким билан тўқнашмади. Унга тиббиёт ходимлари майдоннинг ўзида биринчи ёрдамни кўрсатишди. Даниянинг бошқа футболчилари мазкур ҳолатни тўсиб туришди. Дания терма жамоаси шифокорлари майдоннинг ўзида Эриксенни жонлантиришга киришишди ва унинг юрагини массаж қилишди.

Фото: gettyimages.com

Ушбу тўхталиш 20 дақиқа давом этди, шундан сўнг Эриксенни касалхонага олиб кетишди.

УЕФА хабарига кўра, Эриксенда юрак хуружи рўй берган. Қўшимча маълумотларга кўра, Эриксен стресс ҳолатида бўлган.

Фото: gettyimages.com

Дания футбол ассоциацияси берган маълумотга кўра, Кристиан ҳушига келган. Шифокорлар шифохонада у билан ишлашда давом этишмоқда.

УЕФА Дания ва Финляндия ўртасидаги ўйин ҳар иккала жамоанинг илтимосига биноан Тошкент вақти билан соат 23:30 да қайта бошланишини тасдиқлади. Қайд этилишича, биринчи бўлимнинг сўнгги тўрт дақиқаси, кейин эса 2-бўлим ўйналади.