Европа Иттифоқи Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш учун давлат бюджетига 11 млн евро ажратди. Бу ҳақда Еининг Ўзбекистондаги делегациячи матбуот хизмати хабар қилди.

Бу 2020 йилнинг биринчи чорагидан бошлаб ўтказилган учинчи маблағ ўтказмасидир, дейилади хабарда. Натижада Еининг мамлакат бюджетига ажратилган грант кўмагининг умумий миқдори 32 млн еврони ташкил этди.

«Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик каби соҳаларнинг бандликни таъминлашдаги салоҳияти жуда юқори», — деди Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриан. У бозорларга чиқиш ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг катта қисмини ташкил этувчи кичик фермерлар рақобатбардошлигини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини қўшимча қилди.

ЕИ агроозиқ-овқат секторини «экологик тоза» ва «ақлли» ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган янги ташаббусни ҳам илгари сурди. Мазкур ташаббус Евроиттифоқ, унга аъзо давлатлар ҳамда ривожланиш соҳасида фаолият кўрсатаётган Европа инвестиция банки (ЕИБ), Франция ривожланиш агентлиги (ФРА), Германия ривожланиш банки (KfW), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) каби Европа молиялаштириш институтларининг мувофиқлашган ҳолда иштирокини кучайтиради, дейилади хабарда.