25 май куни бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов «Беш ташаббус ҳаракати» фестивали доирасида ёшлар билан мулоқот қилди.

Суҳбат давомида у журналистларнинг бир инсоннинг кўплаб лавозимларда ишлаши ўша соҳалардаги иш сифати тушишига таъсир этиш ёки этмаслигига оид саволига жавоб берди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Очиғини айтганда мен ўзим бориб у лавозимларни талаб қилиб, олган жойим йўқ. Мен ўзи қанча бир йўналишда ишласам, ижро этиш шунча осонроқ бўлади. Лекин мана кўрсангиз, лавозимлар мантиқий нуқтаи назардан ҳаммаси боғланган. Яъни, бу биттаси тиббиётдан бўлиб, иккинчиси автомобиль саноатидан эмас. Ҳаммаси туризмга оид. Барибир ҳам ушбу вазифаларни мен бажарар эдим. Лекин айрим ҳолларда энг муҳим йўналишлар бўйича ҳурматли президентимиз, ҳукумат „бориб, ўзинг жавобгар бўлгин“, дейди… Очиқ айтганда, қаердадир камчиликлар бўлса, улар билан мазкур лавозимдаги инсон шахсан ўзи — вақтида ва тез шуғуллангани бошқача», — деди вазир.

У шунингдек, кўпчиликнинг Азиз Абдуҳакимовни бир нечта лавозимда ишлаши ва унинг ҳаммасидан ойлик олиши ҳақидаги фикрларига ҳам тўхталиб ўтди.

«„Бу ҳаммасида ишлаб ҳаммасидан ойлик оладими, шу пулни қаерга ишлатади“, деган саволлар ҳам бўлади. Битта нарсани айтишим мумкин, мен фақат бош вазир ўринбосари сифатида ойлик оламан», — дея таъкидлади Абдуҳакимов.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 9 апрелдаги бир қанча қарор ва фармонлари билан бош вазирнинг ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозими тугатилиб, унинг ўрнига бош вазирнинг ўринбосари — туризм ва спорт вазири лавозими жорий қилинган эди. Ўшанда ушбу лавозимга Азиз Абдукахарович Абдуҳакимов муносиб кўрилган.

Шу йилнинг январь ойи охирларида Абдуҳакимов Ўзбекистон шахмат федерацияси раислигига ҳам сайланган эди.

Бунга қадар унга Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети ректори, «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси директори ҳамда Ўзбекистон Бадминтон федерацияси раиси вазифалари ҳам юклатилганди.