Аввалроқ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил қилингани ҳақида ёзган эдик.

Мазкур вазирликнинг раҳбарияти Ўзбекистон президентининг 9 апрелдаги бир қатор фармон ва қарорлари асосида тасдиқланди.

Жумладан, президент фармони билан Азиз Абдукахарович Абдуҳакимов бош вазирнинг ўринбосари — туризм ва спорт вазири лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан бош вазирнинг ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимидан (аввалроқ тугатилган) озод этилди.

Президент қарорлари билан вазирга ўринбосарлар ҳам тайинланмоқда:

Улуғбек Аҳмадович Азамов — туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Шунга кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

Абдулазиз Ўролбоевич Акқулов — туризм ва спорт вазири ўринбосари этиб тайинланди ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Авазжон Қудратиллаевич Каримов — туризм ва спорт вазири ўринбосари бўлди. Шу муносабат билан у жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

Зариф Очилович Казаков — туризм ва спорт вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.

Қолаверса, бунга қадар президент фармони билан тугатилган вазирлик ва қўмита раҳбарларининг ўринбосарлари лавозимларидан озод этилмоқда:

Равшан Сайфиддинович Ирматов — бошқа ишга ўтиши муносабати билан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосарлигидан озод қилинди.

Нодир Хужамқулович Муротов — бошқа ишга ўтаётгани сабаб жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Фахриддин Умарович Давруков — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди. У ҳам бошқа ишга ўтаётгани маълум қилинди.