Германия оила ишлари бўйича вазири кўчирмакашликда айблангани сабабли истеъфога чиқди

Германия оила ишлари бўйича вазири Франциска Гиффей диссертация ёзиш пайтида плагиатда айблангани сабабли истеъфога чиқишга қарор қилди. Гиффей 19 май куни канцлер Aнгела Меркелдан ўз лавозимидан озод қилишни сўраган. Ноябрь ойида вазир «оиласига, сиёсий ишига ва партиясига зарар етказмаслик учун» докторлик унвонидан воз кечган эди. Шунингдек, у ўзининг номзодини Германия Социал-Демократик партияси (ГСДП) раиси лавозимига илгари сурмаган.

Сиёсатчининг диссертацияси атрофидаги мунозаралар кўп ойлардан бери давом этиб келмоқда. VroniPlag Wiki порталида ёзилишича, ишда тегишли муаллифларга ҳаволалар берилмаган кўп сонли оғзаки ва мазмуний ўзлаштирмалар мавжуд. Камида 68 ҳолатда Гиффей манбаларни келтирмаган ёки нотўғри ҳаволалар кўрсатган. 2019 йил октябрь ойида Берлин Эркин университетининг илмий кенгаши ишдаги камчиликларга қарамай, унда плагиат йўқ ва Гиффейни илмий даражасидан маҳрум қилмаслик керак деган хулосага келди. Кейинчалик университет илмий кенгаши диссертацияни иккинчи марта текширишга қарор қилди.

Франциска Гиффей 2018 йил мартидан бери оила ишлари бўйича вазири бўлиб ишлаган. 2020 йил ноябрь ойидан бошлаб у ГСДПнинг Берлиндаги бўлими раҳбари бўлиб, пойтахтнинг бошқарувчи бургомистери лавозимига номзодлик қилмоқда. — ТАСС.


Европа Иттифоқи ҳамжамият мамлакатларининг «яшил иқтисодиёт»га ўтиши учун 21 млрд доллар ажратади

Европа Парламенти 18 май куни ҳамжамият давлатларини қазилма ёқилғидан воз кечишда қўллаб-қувватлаш учун қиймати 17,5 млрд еврони (21,4 млрд доллар) ташкил этадиган «Just Transition Fund» ташкил этишни маъқуллади. Таъкидланишича, 615 депутат фондни ташкил этишни қўллаб-қувватлади, 35 киши қарши овоз берди, 46 киши бетараф қолди. Жамғарма маблағлари Европа Иттифоқи аҳолисига иш топишда, ходимларнинг малакасини оширишда ва уларни қайта тайёрлашда, шунингдек, «Европа иқтисодиётининг иқлим нейтраллигига ўтишига кўмаклашиш учун» ёрдам беришга сарфланади. Иқлим нейтралли карбонат ангидрид (СО2) чиқиндилари ҳажми океанлар ва ўрмонлар сингдирадиган ҳажмдан ошмаслигини англатади. Жамғарма микрокорхоналар, университетлар ва илмий марказларга ёрдам беради ва энергетика соҳасидаги янги ишланмаларни қўллаб-қувватлайди. Европа Иттифоқи 2050 йилгача СО2 чиқиндиларисиз иқтисодиётга ўтишни режалаштирмоқда. — Европа Парламентининг веб-саҳифаси.

Аввалроқ Европа мамлакатларининг минтақада 2030 йилга қадар велосипедчилар сонини оширишни кўзда тутган режани имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Ҳукуматлар пиёда сайр қилувчилар сонини оширишни ҳам мақсад қилган. Ушбу чоралар йўллардаги тирбандликлардан халос бўлиш, шаҳар муҳитидан самарали фойдаланишга имкон беради, деб ҳисобламоқда экспертлар.

Шунингдек, Европа Иттифоқи ҳамжамиятда тасдиқланган вакциналар билан эмланган сайёҳлар учун минтақага киришга рухсат беради.


Ливан ташқи ишлар вазири в.б. Саудия Aрабистонига нисбатан айтган сўзлари учун истеъфога чиқди

Ливан ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Шарбель Ваҳби 19 май куни Саудия Aрабистонига нисбатан айтган сўзларидан сўнг истеъфога чиқди. Ваҳби президент саройида давлат раҳбари Мишель Aун билан учрашиб, унга истеъфога чиқиш ҳақидаги аризани топширди. 18 май куни Саудия Aрабистони ТИВ Aр-Риёддаги Ливан элчисига «Alhurra» телеканалида намойиш этилган Ваҳбининг «ҳақоратли» сўзларига норозилик билдирган нотани топширди. Нотада таъкидланишича, бундай баёнотлар «элементар дипломатик меъёрларга ва икки қардош халқ ўртасидаги тарихий муносабатларга мос келмайди».

17 май куни Ваҳби телеканалга берган интервьюсида Саудия Aрабистони ва Форс кўрфазидаги баъзи давлатлар «Исломий давлат» террорчилик гуруҳини қўллаб-қувватлаётгани ва «террорчиларни Ироқнинг Найнава ва Aнбар, Суриянинг Палмира ва Ливан вилоятларига олиб келгани» ҳақида ишора қилган. Кейинчалик вазир Саудия Aрабистонини «яхшилик ва муроса қироллиги» деб атаб, расмий равишда узр сўради. — ТАСС.

Ваҳби Ливан ташқи ишлар вазири лавозимига 2020 йил 3 августда, ўзидан олдинги Насиф Хитти истеъфога чиққандан бир кун ўтиб тайинланган. Ўша йилнинг 10 августида бош вазир Ҳасан Дияб бошчилигидаги вазирлар маҳкамаси Бейрут денгиз портидаги портлаш оқибатида юз берган фожиадан сўнг истеъфога чиққан эди.

Миср ва Қувайт вазирнинг Форс кўрфази мамлакатлари тўғрисидаги сўзлари учун Ливандан изоҳ талаб қилишмоқда.


Қозоғистонда COVID-19га қарши эмланган тўрт киши вафот этди

Қозоғистонда COVID-19га қарши эмланишдан сўнг тўртта ўлим қайд этилди. Бу ҳақда Интерфакс республика соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Aжар Гиниятнинг сўзларига таяниб хабар бермоқда. Ҳар уч ҳолатда эмланганларда юрак билан боғлиқ муаммолар аниқланди. Тўртинчи ҳолат ҳозирда ўрганилмоқда. Вафот этганларнинг қайси вакцина билан эмлангани айтилмади.

Қозоғистонда аҳолини эмлаш кампанияси 1 февралда бошланган. Аввал аҳолини Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмлашган, кейинчалик, Қарағандада ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси ҳам ишлатила бошланди. 26 апрелдан буён аҳоли, шунингдек, Қозоғистоннинг QazVac вакцинасини билан эмланмоқда. — Интерфакс.

6 апрель куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қарағанда фармацевтика заводида ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси билан эмланган эди.


АҚШга оид бир неча хабарлар

Фото: Денис Акишев / ТАСС

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун митинг бўлиб ўтди. Намойишларда бир неча юз киши қатнашган. Шунингдек, юзлаб одамлар Исроилнинг Вашингтондаги элчихонасида тўпланиб, жанговар ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилишди.

AҚШ Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги ҳарбий хизматчиларнинг саҳифаларини экстремизмга мойиллиги бўйича текширади.

Нью-Йоркда АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг «Trump Organization» компаниясига қарши жиноий иш қўзғатилди. Тергов 2019 йилда бошланган бўлиб, ҳалигача жиноий иш қўзғатилмаган эди. Прокуратура Трампнинг штат қонунларининг эҳтимолий бузилишларини фош этиш бўйича молиявий ишларини тергов қилмоқда.

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси дунё раҳбарларини Пекинда бўлиб ўтадиган 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларидан бош тортишга чақирди. Унингча Хитойда инсон ҳуқуқлари бузилиши кузатилмоқда.


Шунингдек:

  • Ишлаб чиқувчилар учун ўтказиладиган Google I/O конференциясида янги Android 12 операцион тизими тақдим этилди.
  • 2020 йилги президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда бўлиб ўтган норозилик намойишларини ёритган Беларусдаги энг йирик нашрларидан бири TUT.BY сайти блокланди. Раҳбариятга нисбатан катта миқдордаги солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича жиноий иш қўзғатилди, журналистлар ва бошқа ходимлар ҳибсга олинди.