18 май куни Беларуснинг TUT.BY мустақил ахборот портали раҳбарларига қарши катта миқдордаги солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича жиноий иш қўзғатилди, деб хабар бермоқда нашр таҳририяти.

Беларус Давлат назорат қўмитаси (КГК) таҳририятининг юридик шахси икки йил олдин Юқори технологиялар парки (ПВТ) резиденти бўлганлиги ва «резидентлар учун рухсат берилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган даромад олган» дея маълум қилган. «Давлатнинг қўллаб-қувватлашидан асоссиз фойдаланиш» натижасида давлатга «жуда катта миқдордаги зарар» етказилди. Резидент мақоми бекор қилинди.

Бироқ TUT.BY таҳририятининг таъкидлашича, компания «Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш тўғрисида"ги фармон талабларига жавоб беради. Хусусан, компания нафақат порталнинг ишлашини таъминлайдиган маҳсулотлар, балки интернетда реклама хизматларини кўрсатиш, уларни бошқариш, статистик маълумотларни тўплаш, порталда реклама жойларини бронь қилиш ва бошқалар учун дастурий таъминотни ҳам яратган.

TUT.BY сайти блокланди, ҳатто VPN ишлатилганда ҳам унга кириб бўлмайди. Беларус Ахборот вазирлиги сайтга киришни чеклаб қўйди, чунки «Бош прокуратура томонидан тақиқланган маълумотларни жойлаштириш бўйича оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун бузилишининг кўплаб фактлари аниқланди». Назорат қилувчи орган томонидан Беларуснинг ОАВ тўғрисидаги қонунининг 38-моддасига биноан интернет-ресурсларда давлат рўйхатидан ўтмаган ташкилотлар номидан маълумот тарқатиш тақиқланганлигини тушунтирилди. Гап хусусан, Беларусда рўйхатдан ўтмаган BYSOL жамғармаси ҳақида кетмоқда. Жамғарма «Беларусда репрессия қурбонларини қўллаб-қувватлаш учун» маблағ йиғади.

18 май куни эрталаб Беларус Давлат назорати қўмитасининг Молиявий тергов бошқармаси ходимлари нашриётнинг марказий офисига тинтув ўтказиш учун келишган. Тинтув шунингдек, ходимларнинг уйларида, жумладан, бош муҳаррир Марина Золотованикида ҳам ўтказилган. 18 майда кун давомида 13 нафар ходим ҳибсга олинган. Уларнинг баъзилари озод қилинган.

Нашр жиноий ишни таҳририят сиёсатига босим ўтказишга уриниш сифатида қабул қилишларини маълум қилди.

Президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская видеомурожаатида содир бўлаётган воқеаларни ОАВни «қасддан ўлдириш» деб атади ва Европа Иттифоқи вакиллари билан нашрнинг «тор-мор қилинишини» муҳокама қилаётганини айтди.

Европа Иттифоқининг Беларусдаги ваколатхонаси мамлакатда оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини таъминлашга чақирди. АҚШнинг Минскдаги элчихонаси ҳам худди шундай баёнот билан чиқди.

Ҳозир TUT.BY ходимлари ҳибсга олинган ва йўқолганларнинг ҳаммасини топишга, шунингдек, ҳамкасбларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Домен блокланганидан кейин портал ўз ишини ижтимоий тармоқларда давом эттирмоқда.

TUT.BY — Беларуснинг энг йирик ва мустақил нашрларидан бири. Таҳририят ўтган йилнинг ёзида мамлакат президенти Александр Лукашенконинг сайланишига қарши норозилик намойишларини фаол равишда ёритиб борган. Сентябрь ойида Ахборот вазирлигини унинг нашрларида давлат манфаатларига зарар етказувчи «асоссиз маълумотлар» кўргани учун вақтинчалик аккредитациядан маҳрум қилган эди.