Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири вакцинация жараёнлари муддатидан авввал бошланишини маълум қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар бермоқда.

Аввалроқ Тиббиёт ва фармацевтика назорати қўмитаси мамлакатда Россия вакцинаси билан эмлаш февраль ойи охирида режалаштирилаётганлиги ҳақида маълум қилган эди.

Вазирлик маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида 2 млн киши, иккинчи ярмида эса 3−4 млн киши эмланиши режалаштирилган.

Биринчи босқичда февралдан бошлаб юқумли касалликлар шифохоналари, тез тиббий ёрдам ва санитария-эпидемиология хизматининг ходимлари — жами 100 минг киши эмланади.

Иккинчи босқичда март ойидан мактаб ва олийгоҳлар ўқитувчилари, тиббий хизмат ходимлари — 150 минг киши.

Учинчи босқичда апрелдан мактаб-интернатлар ва МТМлар педагоглари, талабалар, сурункали касалликлари борлар — 600 минг киши.