18 май куни Европа мамлакатлари тоза, хавфсиз ва соғлом транспорт тўғрисидаги Вена декларациясини ва тарихда биринчи марта велоспортни ривожлантириш бўйича Европа Бош режасини қабул қилдилар, дея хабар қилди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа бюроси.

Бош режа қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

  • 2030 йилга қадар минтақада велосипед тарқалишини икки бараварга ошириш;
  • ҳар бир мамлакатда велосипедда юриш ва пиёда юришни сезиларли кўпайтириш;
  • велосипедда юриш ва юриш учун майдонларни қайта тақсимлаб чиқиш;
  • ҳар бир мамлакатда фаол ҳаракат турлари учун инфратузилмаларни такомиллаштириш;
  • велосипедчилар ва пиёдалар хавфсизлигини ошириш;
  • велоспорт бўйича миллий сиёсат, стратегия ва режаларни ишлаб чиқиш;
  • соғлиқни сақлаш сиёсати, инфратузилмани режалаштириш ва ердан фойдаланиш режаларига велотранспорт масалаларини киритиш.

БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) ва ЖССТ экспертлари велосипедларда ҳаракатланиш бўйича режа 400 мингта янги иш ўрнини очишга имкон беришини таъкидлашмоқда. Бугунги кунда Европа минтақасида велосипед билан боғлиқ ишларда 750 минг киши меҳнат қилмоқда, дея аниқлик киритди БМТ Янгиликлар хизмати.

Режада кўрсатилган чора-тадбирлар, шунингдек, зарарли газлар чиқиндиларини саккиз миллион тоннага камайтиришга, транспорт тирбандлигидан халос бўлишга ва шаҳар майдонидан янада самарали фойдаланишга ёрдам беради. Велосипедни қўйиш машинани қўйишдан саккиз баравар кам жой талаб қилади. ЭИК ҳисоб-китобларига кўра, фақат тирбандлик сонини камайтиришдан олинадиган иқтисодий фойда тахминан 4,9 миллиард долларни ташкил этади.

Вена декларацияси, ўз навбатида, зарарли ташламаларни ол даражагача тушириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга хизмат қиладиган мобилликни таъминлаш ҳамда яқин ўн йиллик давомида хавфсиз ва самарали транспорт тизимларини ташкил этиш бўйича умумевропа стратегиясини ишлаб чиқишга чақириқни ҳам ўз ичига олади. Декларация тавсияларида минтақада экологик тоза ва соғлом ҳаракатчанлик ва транспортга инвестиция киритиш зарурлиги ҳам кўзда тутилган.

«Минтақада юқумли бўлмаган, жумладан, саратон, диабет, юрак қон-томир ва респиратор касалликлар умумий ўлимларнинг даҳшатли 70 фоизига сабаб бўлмоқда, транспорт ва шаҳар сиёсати аҳоли саломатлиги ҳолатига таъсир кўрсатмоқда ва бу аксарият ҳолларда ижобий тарзда эмас», — дея таъкидлади ЖССТ Европа бюроси директори Ханс Клюге.

«Декларацияда атроф-муҳит ва инсон саломатлиги ўртасидаги ўзаро алоқадорлик мавжудлигини тан олади ҳамда ноинфекцион касалликлар профилактикаси мақсадида фаол ҳаракатланиш турларини оммалаштириш, ҳар йили ярим миллиондан зиёдроқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлаётган ҳавонинг ифлосланишини қисқартириш зарурлигини қайд этади», — дея қўшимча қилди у.