Буюк Британия катта миқдордаги сармоялар билан Шотландия мустақиллигининг олдини олишни режалаштирмоқда

Борис Жонсон бошчилигидаги ҳукумат Шотландиянинг Буюк Британиядан ажралиб чиқишига йўл қўймаслик учун ҳудуддаги йирик инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун кўп млрдлик маблағларни йўналтиришга тайёрланмоқда. Таъкидланишича, ҳозирда мамлакат расмийлари Шотландиядаги транспорт лойиҳаларига ва миллий соғлиқни сақлаш тизимига сармоя киритиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, Лондон маҳаллий ҳукуматни четлаб ўтиб, Шотландиянинг аниқ муниципалитетларига бюджетдан тўғридан-тўғри маблағ йўналтирмоқчи. Бундан ташқари, бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида ҳукумат Aбердин ва Инвернесс портларига имтиёзли солиқ шартларини назарда тутадиган махсус мақом бериши мумкин. Нашрнинг ёзишича, Бирлашган Қироллик ҳукумати Шотландия аҳолисига битта давлатда бирга яшашнинг афзалликларини «сўз билан эмас, балки амалда» намойиш этишни истайди. — The Times.

Шунингдек: Буюк Британияда 17 майдан бошлаб хорижга саёхат қилиш учун эмлаш паспортлари жорий этилмоқда. Эмлаш паспортлари смартфон ва планшетлар учун илова сифатида ишга туширилади. Бундай сертификатлар фақат вакцинанинг икки дозаси олган британияликларга берилади. Смартфони йўқлар 119 рақамига қўнғироқ қилиб, ўзларининг эмланганини тасдиқловчи қоғозли гувоҳномани олишлари мумкин бўлади. Бундай паспортларнинг мавжудлиги британияликларнинг чет эл саёҳати учун зарурий шартдир, дея таъкидламоқда The Times.


Aрманистон парламенти иккинчи марта Никол Пашинянни бош вазир лавозимига сайламади

Aрманистон парламенти 11 май куни бўлиб ўтган махсус йиғилишда иккинчи марта республиканинг бош вазири лавозимига ягона номзодни, бош вазир вазифасини бажарувчи Никол Пашинянни сайламади. Конституцияга мувофиқ, Aрманистон парламенти кетма-кет икки марта бош вазирни сайламаса, қонун кучи билан тарқатиб юборилади. Бир киши Пашинян номзодни ёқлаган, бир киши унга қарши овоз берган, 76 нафари бетараф қолган, дея хабар бермоқда РБК. — Интерфакс.

3 май куни Aрманистон парламентининг биринчи марта Никол Пашинянни бош вазир лавозимига сайламагани ҳақида хабар берган эдик.


Ҳиндистоннинг Ганг дарёсидан ўнлаб ўликларнинг жасадлари топилди

Коронавирус инфекцияси туфайли вафот этган ўнлаб одамларнинг жасадлари шарқий Биҳар штатидаги Ганг дарёсидан топилди. Бу ҳақда ТАСС «The Times of India»га таяниб хабар бермоқда. Хабарда ёзилишича, анъанавий ҳинд урф-одатларига биноан жасадларни ёқиб юбориш маросими қимматлиги туфайли, марҳумларнинг қариндошлари уларни сувга ташлаган бўлиши мумкин. Маҳаллий аҳолининг «The Times of India»га айтишича, Буксар туманидаги Ганг дарёсидан 100−150 кишининг жасади топилган. Маҳаллий маъмуриятнинг таъкидлашича, жасадларнинг аксарияти бир неча кун олдин қўшни Уттар-Прадеш штатида дарёга ташланган. Маълум қилинишича, номаълум шахсларнинг жасадлари давлат ҳукумати маблағлари ҳисобидан дафн (ёқиб юбориш орқали) этилади. — ТАСС.

Аввалроқ Ҳиндистонда ўликлар кўплигидан, уларнинг жасадлари кўчада ёқилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мамлакатда кунига 360 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланиб, 3 минг киши вафот этаётгани қайд этилмоқда.


Малайзияда 12 майдан бошлаб қарийб бир ойга умуммиллий яккалаш режими жорий этилади

Малайзия ҳукумати коронавирус тарқалиши муносабати билан мамлакатда 12 майдан 7 июнга қадар мамлакат бўйлаб яккалаш режимини жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда Малайзия бош вазири Муҳиддин Яссин маълум қилди. Хусусан, барча ижтимоий тадбирлар, умумий овқатланиш жойларига ташриф буюриш тақиқланади. Шунингдек, штатлар ва туманлар ичидаги ҳаракат тақиқланади (иш, фавқулодда ҳолатлар, тиббий тайинлаш, эмлаш ёки турмуш ўртоғини зиёрат қилиш бундан истисно). — The Straits Times.

Маълумотларга кўра, пандемия пайтида Малайзияда 444,4 мингдан ортиқ коронавирус инфекцияси аниқланган. Улардан 1,7 мингдан ортиқ киши вафот этган, 405,3 мингдан ортиғи соғайган.


Колумбияда 12 май куни умуммиллий намойишлар бўлиб ўтади

Касаба уюшмалари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакилларини ўз ичига олган Колумбия Миллий иш ташлаш қўмитаси мамлакат ҳукумати билан келишувга эришмагани сабабли, 12 майда янги умуммиллий намойишлар ўтказилишини эълон қилди. «Иш ташлаш давом этмоқда ва биз чоршанба куни (12 май) янги умуммиллий намойишга чақирамиз», — деди қўмита раиси. — ТАСС.

Колумбиядаги солиқ ислоҳотига қарши норозилик намойишлари 28 апрелдан буён бўлиб ўтмоқда. Тўқнашувлар пайтида 19 киши ҳалок бўлган, 800 га яқин киши жароҳат олган. Шунингдек, 379 киши бедарак йўқолган.


Боку Қорабоғ шаҳрида вафот этган 1,6 мингга яқин арман ҳарбийларининг жасадларини Ереванга топширган

Бу ҳақда мамлакат президенти Илҳом Aлиев Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилган пайтида айтиб ўтди. «Ҳарбий ҳаракатлар тугагач, бизда бўлган барча ҳарбий асирларни топширдик. Олти ой давом этган жанговар ҳаракатлар тугагандан сўнг биз тинчликпарвар кучлари ва Aрманистон томони вакиллари билан биргаликда қидирув ишларини амалга ошириб, Aрманистон томонига арман ҳарбий хизматчиларнинг 1,6 мингга яқин жасадини топширдик», деди Aлиев. Озарбайжон ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, мамлакат ҳарбий асирларни Aрманистон томонига ўтказиш бўйича ўз мажбуриятларини бажарган. — Интерфакс.

Апрель ойида Арманистон бош вазири Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар пайтида 4 мингга яқин аскар ҳалок бўлганини айтган эди.


Шунингдек:

  • Қозон шаҳридаги мактабда икки нафар ўсмир қуролли ҳужум уюштирди. Юз берган отишма пайтида 32 киши жароҳатланди, улардан 9 нафари (7 нафари ўқувчи) вафот этди.
  • Исроил ва фаластинликлар ўртасида апрель ойидан буён давом этаётган тўқнашувлар оқибатида 300 дан ортиқ киши жабрланди. Фаластинда 20 кишининг ўлими қайд этилган. Душанба куни кечаси Ғазо секторидан Исроилга 200 та ракета зарбалари берилди. БМТ бош котиби мазкур можарони тегишли резолюциялар, халқаро ҳуқуқ ва икки томонлама келишувлар асосида ҳал этишга чақирди. Сўнги маълумотларга кўра (ТАСС), Исроил полицияси билан тўқнашувда яраланган фаластинликлар сони 714 кишига етди.
  • Лондон шаҳрининг амалдаги мэри Содиқ Хон шаҳар раҳбарлиги учун сайловларда 55,2% овоз йиғиб, иккинчи бор Лондон мэрига айланди.