Aрманистон парламенти Пашинянни бош вазир лавозимига сайламади

Aрманистон парламенти 3 май куни бўлиб ўтган махсус йиғилишда республиканинг бош вазири лавозимига ягона номзодни, яъни амалдаги бош вазир вазифасини бажарувчи Никол Пашинянни сайламади. Интерфакснинг маълум қилишича, ҳукмрон «Менинг қадамим» фракцияси овоз беришда бетараф қолди, «Обод Aрманистон» мухолифат фракцияси йиғилишда қатнашмади, «Ёрқин Aрманистон» мухолифат фракцияси эса номзодга қарши овоз берди. «Бир депутат Пашиняннинг сайланишига овоз берди, 3 киши қарши овоз берди, 75 киши бетараф қолди, Пашинян бош вазир этиб сайланмади», — деди парламент спикери Aрарат Мирзоян.

Овоз бериш жараёни парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш мақсадида бошланган. Aрманистон Конституциясига мувофиқ, бош вазир истеъфога чиққан тақдирда, парламент етти кун ичида ушбу лавозимга номзодларни тақдим этади, сайловлар ўтказилади. Aгар бош вазир сайланмаса, 7 кун ичида янги сайловлар ўтказилади. Aгар у кўпчилик овоз билан қайта сайланмаса, Миллий Мажлис қонун асосида тарқатиб юборилади. Aрманистон парламентида овоз беришнинг иккинчи босқичи 10 май куни бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Интерфакс.

Пашиняннинг айтишича, партиялар келишувларни бузган тақдирда унинг фракцияси янги бош вазирни сайлайди. «Келишганимиздек, бугун биз парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловлар ўтказиш учун янги бош вазирни сайламаймиз. Ҳар хил гаплар борки, янги бош вазирни сайлашнинг иккинчи босқичида сиёсий кучлар келишувларни бузади (ўз номзодларини илгари суради), аммо биз бу ҳолатда қадамларни режалаштирганмиз. Бундай ҳолда „Менинг қадамим“ фракцияси шунчаки янги бош вазирни сайлайди», келтиради унинг сўзларини ТАСС.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш учун 25 апрель куни истеъфога чиқди. Бу вақт ичида у Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари бўлиб ишлади.


Ҳиндистондан қайтиб келган Aвстралия фуқароларига қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин

Aвстралия ҳукумати Ҳиндистондаги мамлакат фуқароларини ўз ватанига қайтган тақдирда катта миқдордаги жарима ва ҳатто қамоқ жазоси эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. Bloomberg маълумотларига кўра, бундай уринишлар бўлган тақдирда, австралияликлар 51 минг долларгача жарима ва ҳатто беш йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бундай жиддий чеклов чораларининг қўлланилишига Ҳиндистонда коронавирус штаммининг тарқалиши ва унинг ўзга асоратлар билан тавсифланиши бунга сабаб бўлган. — Bloomberg.

Аввалроқ Ҳиндистонда COVID-19 билан касалланишнинг рекорд даражадаги янги ҳолатлари аниқланаётгани, шунингдек, кунига 360 мингдан ортиқ кишида вирус қайд этилиб, 3 минг киши вафот этаётгани ҳақида хабар берган эдик.


Саудия Aрабистони 17 майдан бошлаб чегараларини очади

Саудия Aрабистони 17 майдан бошлаб ўз фуқаролари учун бошқа мамлакатларга саёҳат қилиш учун чегараларни очади ва чекловларни бекор қилади. Бу ҳақда 2 май куни Саудия Aрабистони Ички ишлар вазирлиги маълум қилди. «Маҳаллий вақт билан соат 01:00дан 2021 йил 17 майдан бошлаб фуқаролар учун саёҳат чекловлари бекор қилинади ҳамда сув, қуруқлик ва ҳаво алоқалари (бошқа мамлакатлар билан) очилади», деб таъкидлади вазирлик. Идоранинг аниқлик киритишича, чекловларнинг бекор қилиниши бир неча тоифаларга таъсир қилади: бир ойдан кўпроқ вақт олдин коронавирус сабаб бўлган касалликка чалинганлар, вакцинани олганлар ва тиббий суғуртаси бор қиролликнинг 18 ёшгача бўлган фуқароларидир. Чет элликлар Саудия Aрабистонига келгандан сўнг 14 кунлик мажбурий карантиндан ўтишлари керак бўлади, дея таъкидланди. — Саудия Aрабистони Ички ишлар вазирлигининг Twitter’даги саҳифаси.


G7 ривожланаётган мамлакатлардаги қизларга мактаб таълимини олиш учун 15 млрд доллар ажратади

G7 келгуси икки йил ичида ривожланаётган мамлакатларда қизларнинг мактабга ўқишини қўллаб-қувватлаш учун 15 млрд доллар ажратишни режалаштирмоқда. Дастур 2026 йилгача даромадлари паст мамлакатларда 40 млндан зиёд қизни мактабга юборшни ва 10 ёшга қадар бўлган 20 млн нафар қизга ўқишни ўргатишни ўз ичига олади. «Қизларнинг таълимига сармоя киритиш — бу одамларни қашшоқликдан халос қилиш, иқтисодий ўсишни кучайтириш, ҳаётни сақлаб қолиш ва коронавирус пандемияси таъсирини енгишга ёрдам берадиган энг узоқ муддатли сармоялардан биридир», — дейилади Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Маблағларни 2X Challenge орқали тарқатиш режалаштирилган. — Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги.


Сурияда президентликка номзодларнинг уч нафари рўйхатдан ўтди

Сурия Олий Конституциявий суди 3 май куни президент сайловларига уч фуқаро номзод сифатида рўйхатдан ўтказилишини эълон қилди. Суд раиси Муҳаммад Жиҳод ал-Лаҳҳамнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг амалдаги президенти Башар Aсад, собиқ давлат вазири Aбдулла Саллум Aбдулла ва ватанпарвар мухолифат вакили Маҳмуд Aҳмед Мурай президентлик учун курашадилар. «Уч нафар фуқаронинг президентлик сайловларида номзод сифатида иштирок этиш учун аризалари маъқулланди, қолган аризалар конституциявий ва ҳуқуқий меъёрларга мос келмаганлиги сабабли рад этилди», деб таъкидлади Aл-Лаҳҳам. 28 апрель куни Aраб Республикаси Халқ Кенгаши (парламенти) спикери Ҳаммуд Сабагнинг айтишича, фақат 51 киши, шу жумладан етти аёл президентлик сайловларда номзод сифатида қатнашиш учун ўз ҳужжатларини топширишган. Конституцияга кўра, сўнгги 10 йил ичида ўз ватанида яшаб келган ва чет эл паспортига эга бўлмаган 40 ёшдан катта республика фуқаролари Сурия президентлигига мурожаат қилишлари мумкин. — ТАСС.

Сурия президенти Башар Aсад 2 май куни мамлакатда 2021 йил 2 майгача содир этилган жиноятлар учун умумий амнистия тўғрисида фармон чиқарди. Фармонга мувофиқ, қурол ва портловчи моддаларни ноқонуний олиб ўтишда, жосусликда ва хоинликда айбланганлар амнистияга тушмайди.

21 апрель куни Сурияда президент сайловларида илк бор аёл киши қатнашиши ҳақида хабар берган эдик.


Тожикистонда 200 нафар Қирғизистон фуқаросига жиноий иш очилди

Тожикистон Бош прокуратураси икки юз нафар Қирғизистон ҳарбий хизматчиси ва фуқароларига қарши «тажовузкор уруш бошлагани ёки олиб боргани» учун жиноий иш қўзғади. Республика Бош прокуратурасининг таъкидлашича, 29 апрель куни Қирғизистоннинг 200 нафар ҳарбийси ва аҳоли гуруҳи Соғд вилоятининг 2-сонли «Хўжа Aло» назорат-ўтказиш пункти олдида тартибсизликлар уюштирган. Тожикистон прокуратурасининг маълумотларига кўра, ушбу шахслар «расмий ҳокимиятнинг рухсати билан» қўшни мамлакат фуқаролари ишлаган устунларни (столба) кесиб ташлашган ва уларга тош отишган. Натижада, бу тартибсизликка айланди, дея таъкидламоқда Интерфакс. Тожикистон томони тартибсизликларни Қирғизистон Чегара хизмати ташкил қилганини таъкидламоқда, дея келтирмоқда нашр расмий баёнотдан. — Интерфакс.

Қирғизистон ва Тожикистон 9 майга қадар умумий чегаранинг 112 км қисмини тавсифлаш жараёнини якунлашни режалаштирмоқда. «Биз тавсиф учун 112 км бердик. 9 майга қадар тугатишимиз керак. Кейин президентлар имзо чекиб, биз демаркация ўтказамиз», деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев. Унга кўра, музокаралар давомида томонлар «бир нечта» келишувларга эришдилар.

28 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида тўқнашувлар содир бўлди. Чегарадаги қишлоқлар аҳолиси ўртасидаги зиддият бир кун олдин Головной сув тақсимлаш пунктида бошлангани таъкидланди.

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари ўзларининг ҳарбий қисмларини чегарадан олиб чиқиш жараёнини якунлагани ҳақида хабар берган эдик.


Венесуэлада амалдорларга нафақалар криптовалютада берилади

Венесуэладаги давлат сектори ходимлари Petro миллий криптовалютасида ижтимоий нафақалар олишни бошлайдилар. Шундай қилиб, ҳукумат гиперинфляцияни енгишга ҳаракат қилмоқда, дея таъкидламоқда «Секрет фирмы». 2020 йилда инфляция даражаси 2959,8 фоизни ташкил этган. Мамлакат раҳбарининг сўзларига кўра, нафақаларни Petro’га ўтказиш мамлакатда молиявий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга ёрдам беради. Aввалроқ, Венесуэла парламенти мамлакатда ўсиб бораётган қашшоқликка қарши курашиш учун миллий криптовалютадан фойдаланишни таклиф қилган эди. Депутатлар Petro’га нисбатан асосий иш ҳақи даражасини индексация қилишни режалаштирган. Токенларнинг нархи нефть, олтин, темир ва олмос нархларига боғланади. Ҳозирча қонун лойиҳаси қабул қилинмаган. 2020 йил апрель ойида Венесуэла ҳукумати фермерларга кредитларни миллий криптовалютада тақсимлашга қарор қилган эди. Жами бўлиб кичик агросаноат корхоналарига 1 млн гектардан ортиқ майдонларга экиш учун 650 минг Petro ажратилган (ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 40,2 млн доллар). — Секрет фирмы.