Туркияда 7 майдан бошлаб карантин чоралари кучайтирилади

Туркия ҳукумати 7 майдан бошлаб COVID-19 тарқалишининг олдини олиш учун бир қатор қўшимча чораларни жорий этмоқда. 7 майдан бошлаб дўконларда (шу жумладан тармоқ ва супермаркетларда) муҳим маҳсулотлар рўйхатига кирмайдиган ҳар қандай товарларни сотиш тақиқланади. Шунингдек, электроника дўконлари, ўйинчоқлар, канцелярия товарлари, кийим-кечак ва аксессуарлар, тўқимачилик буюмлари, автомобиль аксессуарлари, боғдорчилик буюмлари, асбоб-ускуна ва шиша маҳсулотларини сотиш тақиқланди. Дўконларда ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар ва тозалаш воситаларидан ташқари уй ҳайвонлари учун озиқ-овқат ва косметика воситаларини (парфюмерия ва пардоз аксессуарлари бундан мустасно) сотиб олиш мумкин бўлади. — Туркия Ички ишлар вазирлиги.

Туркия туризм вазири Нури Эрсой 27 апрель куни мамлакатда 29 апрелдан 17 майгача жорий этилган карантин чекловлари чет эллик сайёҳларга тегишли эмаслигини айтган эди. Унинг қўшимча қилишича, туризм соҳасидаги барча ишчилар ҳозирда эмланмоқда ва май ойи охирига қадар вакцинация якунланади.

Аввалроқ Туркияда 29 апрелдан 17 майгача карантин чекловларининг кучайтирилиши ҳақида хабар берган эдик. Бунда барча мактабларда дарслар тўхтатилиши ва имтиҳонлар қолдирилиши эълон қилинган эди. Шунингдек, барча савдо марказлари фаолияти вақтинчалик чеклаб қўйилиши режалаштираётган эди.


Air India учувчилари эмланмагунча ишламаслигини эълон қилишди

Ҳиндистондаги Air India авиакомпаниясининг учувчилари мамлакатдаги юқумли касалликлар кўпайиб бораётгани сабабли коронавирусга қарши вакцинация қилинмагунча ишга чиқишдан бош тортишмоқда. «Тиббий ёрдамсиз, суғуртасиз ва иш ҳақининг сезиларли даражада қисқартирилганида, вакцинациясиз учувчиларимиз ҳаётини хавф остига қўйишда давом эта олмаймиз», — дейилади Ҳиндистон учувчилар касаба уюшмаси Air India’га ёзган мактубида. — Times of India.

Ҳиндистонда коронавирусга чалинганлар сони 20 млндан ошди. 4 май куни кунлик ўсиш сурати 355 мингни ташкил этган. Ҳозирда касалхоналарда кислород етишмаслиги муаммоси ўта долзарб бўлиб қолмоқда. Aмалда мавжуд бўлмаган коронавирус чекловлари, кўп сонли одамлар иштирокидаги катта фестиваллар, сайловолди тадбирлар — буларнинг барчаси ҳозирги вазиятга олиб келди, деб ёзади ВВC. Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистонда коронавирусдан 222 мингдан ортиқ одам вафот этган. Бироқ мутахассислар аслида бу кўрсаткичлар анча юқори бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.


Колумбиядаги намойишларда 19 киши ҳалок бўлди

Колумбияда ўтган ҳафта бошланган солиқ ислоҳотларига қарши норозилик намойишлари натижасида 19 киши ҳалок бўлди, 800 га яқин киши жароҳат олган. Колумбия мудофаа вазири Диего Моланонинг сўзларига кўра, жабрланганларнинг ярмидан кўпи хавфсизлик кучлари ходимлари. Шунингдек, мамлакат бўйлаб 431 киши ҳибсга олинганлиги маълум қилинди. Намойишлар фонида мамлакат молия ва давлат кредитлари вазири Альберто Карраскилья истеъфога чиқди.

Карраскилья ва Рестрепо (ҳозирда молия ва давлат кредитлари вазири) томонидан ишлаб чиқилган солиқ ислоҳотлари лойиҳаси Колумбия бюджетига 26 трлн песо (6 млрд доллардан ортиқ) олиб келишини назарда тутган эди. Бунга жисмоний шахслардан ҚҚС ва бошқа солиқлар ва йиғимларни қўллашни кенгайтириш орқали эришиш режалаштирилган. Ислоҳотлар деярли барча сиёсий кучларнинг танқидига ва бутун мамлакат бўйлаб норозиликларга сабаб бўлди. Шундан сўнг Колумбия президенти ислоҳотлар лойиҳасини якунлаш бўйича кўрсатма берди, аммо намойишлар давом этди. — Интерфакс.

Аввалроқ Колумбия бўйлаб солиқ ислоҳотларига қарши намойишлар бўлиб ўтаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.


Япониянинг АЭСлардан сувни океанга оқизиш режаси туфайли Жанубий Корея аҳолиси денгиз махсулотларидан воз кечмоқда

Япония «Фукусима-1» АЭСдан ифлосланган сувни океанга оқизиш режасини эълон қилганидан сўнг Жанубий Кореяда қарийб учдан икки қисми денгиз маҳсулотларини истеъмол қилишни қисқартирди. Бу ҳақда ТАСС 4 май куни Корея истеъмолчилар уюшмаси томонидан 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган 500 киши ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига таяниб хабар бермоқда. Режа бўйича сувлар икки йилдан сўнг оқизилиши керак бўлса-да, респондентларнинг 91,2 фоизи денгиз маҳсулотларини истеъмол қилишни камайтиришни режалаштирмоқда. Респондентларнинг 95,2 фоизи харидларни амалга ошираётганда дўконларда маҳсулотларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотларни текширмоқда, 77,9 фоизи эса буни ресторанларда ёки уйга овқат буюртма қилишда амалга оширади. Шу билан бирга, респондентларнинг 63 фоизи денгиз маҳсулотларини истеъмол қилишни камайтирганликларини айтишди. Респондентларнинг 69,6 фоизи Япониянинг балиқ маҳсулотлари хавфсизлигини текширишнинг амалдаги тизимига ишонмайди ва 27,8 фоизи уни қаттиқлаштириш тарафдоридир, дейилади сўров натижаларида. — ТАСС.

Аввалроқ Япония ҳукуматининг Фукусима АЭСдан тозаланган радиоактив сувни океанга оқизишга қарор қилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Хитой ва Жанубий Корея Япониянинг ушбу қарорини танқид қилмоқда.


AҚШ чет элдан келган қочқинларни қабул қилиш квотасини 62,5 мингга етказди

AҚШ президенти Жо Байден 2021 молиявий йилида (1 октябрдан бошланган) қочқинларни қабул қилиш лимитини 62,5 минг кишига етказди. «Бу аввалги маъмурият томонидан белгиланган тарихий жиҳатдан паст бўлган 15 мингли квотани ўчириб ташлайди, бу Aмериканинг қочқинларни қабул қиладиган ва қўллаб-қувватлайдиган мамлакат сифатидаги қадриятларини акс эттирмайди. Кейинги молия йилида 125 минг қочқинни қабул қилиш мақсад қилиб олинган» — дейилади баёнотда. — Оқ уй.

Жорий молиявий йил учун 15 мингли квота AҚШ собиқ президенти Дональд Трамп томонидан белгиланган эди. Бу кўрсаткич 1980 йилдан бери энг паст ҳисобланади. 2020 молия йилида қочқинларга қўйилган лимит 18 минг кишини ташкил этган (2019 йилда бу кўрсаткич 30 минг кишини ташкил қилган).

Февраль ойида АҚШнинг қочқинларни кабул қилиш квосини оширишни ражалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.


Германияда миллатчилик сабаб бўлган жиноятлар даражаси ошмоқда

Бу ҳақда Интерфакс Германия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Ҳорст Зееҳофер баёнотига таяниб хабар бермоқда. «Ўнг экстремистик ҳуқуқбузарликлар сони янги даражага кўтарилди, бу ФРГ конституцияси қабул қилинганидан (1949) буён энг юқори кўрсаткичдир», деди вазир. Ҳаммаси бўлиб, 2020 йилда сиёсий сабабларга кўра 44 692 та жиноят қайд этилган. Шулардан, Зееҳофернинг маълумотларига кўра, 23,6 мингта жиноятни ўнг қанотли радикализм билан боғлаш мумкин. Ўз навбатида, ушбу жиноятларнинг 85 фоизга яқини ташвиқотлар ва ҳақоратлардир. 2020 йилда тахминан 11 мингта ҳуқуқбузарлик «чап» радикаллар томонидан уюштирилган. Вазир, шунингдек, антисемитизмга қарши ҳуқуқбузарликлар сонининг кўпайганлигини таъкидлади. — Интерфакс.


Тожик-қирғиз чегарасидаги тўқнашувлар натижасида 19 нафар Тожикистон фуқароси вафот этди — ОАВ

Тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган қуролли можаро пайтида 19 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди, 88 нафари яраланди. Бу ҳақда Интерфакс «Азия-Плюс»га таяниб хабар бермоқда. «Можаро кунларида 88 нафар ярадор Исфара касалхоналарига ва Бобожон Ғофуров вилоятидаги касалхоналарга ётқизилган. Уларнинг аксарияти ўқ жароҳати олган. Жабрланганлар кўпроқ бўлиши мумкин, мен ҳозир касалхонага ётқизилганлар ҳақида гапиряпман», — деди нашрнинг манбаси. Шунингдик, можаро пайтида 19 киши вафот этганлги таъкидланди. «Шулардан 10 нафари тинч аҳоли, 9 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва чегарачилар», — деди манба. Тожикистон Қирғизистон билан чегара ҳудудида тўқнашув қурбонлари сони тўғрисидаги расмий маълумотларни ҳали эълон қилгани йўқ. — Интерфакс.

28 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида тўқнашувлар содир бўлди. Чегарадаги қишлоқлар аҳолиси ўртасидаги зиддият бир кун олдин Головной сув тақсимлаш пунктида бошлангани таъкидланди.

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари ўзларининг ҳарбий қисмларини чегарадан олиб чиқиш жараёнини якунлагани ҳақида хабар берган эдик.


Шунингдек:

  • Мексикада метро кўприги вагон билан бирга, унинг остида машиналар ҳаракати пайтида қулаб тушди. Янги хабарларга кўра, ҳодиса оқибатида 23 киши ҳалок бўлди ва 70 га яқин одам жароҳатланди.