Қуддусдаги тўқнашувлар муқаддас Рамазон ойи бошланганидан буён бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда. Ўқ отишлар Қуддусда фаластинликлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар фонида бошланган эди. Тартибсизликларнинг келиб чиқишига Исроил полициясининг қадимги Шом дарвозаси олдидаги зинапояда арабларнинг Рамазон ойи вақтида тўпланишига тақиқ қўйилгани ва Исроил судининг Қуддусдаги бир неча араб оилаларини Шайх-Жарроҳ ҳудудидан чиқариб юборилиши ҳақидаги қарори сабаб бўлган.

Норозиликлар айниқса Исроил Қуддус кунини нишонлаганида ва шу куни мамлакатнинг ўнг қанот фаоллари шаҳар бўйлаб юриб, бу уларнинг «битта ва бўлинмас» пойтахти эканлигини таъкидлаб юрганларида кучайиб борди.

Эрта тонгда полиция катта кучларни масжидга жалб этиб, унинг ҳовлисига снайперларни жойлаштирди ва фаластинликларни бу ҳудуддан чиқариб юбориш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатди. Ал-Ақсо директорининг айтишича, полиция масжидга «мисли кўрилмаган варварлик ҳужумини уюштирган».

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ультиматум эълон қилиб, хавфсизлик кучларини Маъбад тоғидан олиб чиқишни талаб қилди ва соат 18.00 да Қуддусга ва бошқа шаҳарларга ракета ҳужумларини бошлади. Тел-Авивда бомбадан сақланадиган жойлар очила бошлади.

Исроил жавобан зарбалар берган — Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 20 киши, шу жумладан 9 нафар бола ўлдирилган. Ўзаро ўқ отишлар камида 10 соат давом этган. Фаластин раҳбари Рамазон ҳайити муносабати билан ўтказиладиган барча байрам тадбирларини бекор қилди ва марҳумларга мотам белгиси сифатида байроқларни туширишни буюрди.

«Ал-Ақсо масжиди ва Қуддуснинг қадимги қисмлари атрофидаги тўқнашув пайтида 300 дан ортиқ одам жароҳат олди», — дея хабар берди ТАСС. Ҳозирда 228 киши касалхоналарда, улардан етти нафари оғир аҳволда ва жарроҳлик амалиётига юборилган.

Жаҳон ҳамжамияти муносабати

БМТ раҳбари Исроилни халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро инсон ҳуқуқлари қонунлари талабларини эсга олиб, Фаластин уйларини бузишни тўхтатишга чақирди.

«Исроил ҳукумати иложи борича босиқлик билан тинч йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилиши керак. Барча раҳбарлар экстремистларга қарши курашиш ҳамда зўравонлик ва даъватнинг ҳар қандай кўринишда намоён бўлиши учун жавобгардир», — дейилади БМТ баёнотида. Бош котиб, шунингдек, «муқаддас жойларнинг мақомини» ҳурмат қилишга чақирди.

Антониу Гутерриш тегишли резолюциялар, халқаро ҳуқуқ ва икки томонлама келишувлар асосида Исроил-Фаластин можаросига ечим излашга қарор қилинишини яна бир бор таъкидлади.

АҚШ исроилликлар ва фаластинликлар зиддиятни пасайтириш ва ракета ҳужумларини тўхтатиш учун амалий чоралар кўришлари керак, деб ҳисоблайди, деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. Европа Иттифоқи ташқи хизмати Ғазо сектори ва Шарқий Қуддусдаги зўравонликларни тўхтатиш зарурлигини ҳам маълум қилди, дея хабар бермоқда Коммерсант.

Ғазо ва Исроил 10 май куни ракета зарбаларини қайта бошлашган эди.

«Ракета ҳужумлари дарҳол тўхташи керак. Биз зўравонликдан хавотирдамиз. Барча томонлар эскалацияни юмшатиши, босимни камайтириши, можарони тугатиш ва вазиятни тинчлантириш учун амалий чоралар кўриши керак», — деди Блинкен.

Оқ уй вакили Жен Псаки брифинг чоғида АҚШ президенти Жо Байден Исроилдаги вазиятни диққат билан кузатаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар «фаластинлик оилаларни уйларидан қувиб чиқарилиши» мумкинлигидан хавотирда ва Исроилга қарши ракета ҳужумларини «қабул қилинмайдиган ва қоралашга лойиқ» деб ҳисоблайди.

Европа Иттифоқи Ғазо сектори ва Шарқий Қуддусда зўравонлик авж олишини тўхтатиш зарурлигини ҳам эълон қилди. «Босиб олинган Ғарбий соҳилда, шу жумладан Шарқий Қуддусда, шунингдек Ғазо ва унинг атрофидаги зўравонлик зудлик билан тугатилиши керак. Ғазо секторидан Исроилнинг тинч аҳолисига ракета ҳужумлари қабул қилиниши мумкин эмас ва бу эскалациянинг янада авж олишига олиб келади. Аввало, тинч аҳолининг қурбон бўлишига йўл қўймаслик керак», — дейилади Европа Иттифоқи баёнотида.