Ўзбекистон ва Украина 2021 йилнинг май ойида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклайди. Бу ҳақда транспорт вазири, Uzbekistan Airways компанияси раиси Илҳом Маҳкамов чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Киев билан музокаралар олиб борилмоқда, умуман олганда бизда қатъийлик бор. Пандемия ҳисобига ҳеч нарса тубдан ўзгариб кетмаса, [авиақатновларни] бошлашни режалаштираяпмиз. [Рейсларни] ҳафтасига икки ёки уч мартадан бошлашни режалаштираяпмиз. Улар томонидан ҳозирча бизга УХА (Украина халқаро авиалиниялари) ва SkyUp Airlines таклиф қилинмоқда», — деди транспорт вазири.

Бундан ташқари, май ойидан бошлаб Uzbekistan Airways янги бизнес модулга ўтиш доирасида 9 та норентабелли — Париж, Рим, Милан, Амритсар, Мумбай, Бангкок, Токио, Куала-Лумпур ва Жакартага авиарейсларни бекор қилиши авиакомпанияга 12,3 млн долларни тежашига олиб келади. Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу йўналишлар узоқ йиллар давомида норентабелли бўлиб келган ва авиакомпаниянинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.

«Бу (рейсларни бекор қилиш — таҳр.) пандемия билан ҳам, авиакомпаниянинг янги стратегиялари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Агарда у ерда талаб, ушбу ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти бўлса, у ҳолда бизда ҳар доим чартер рейсларни қўйиш ва у ердан одамларни ташиш имконияти бўлади. Умуман олганда мазкур тажриба ҳамма жойда қабул қилинади», — деди Илҳом Маҳкамов.

«Чартер рейсларини амалга оширар экан, жозибадорликни кўрсак ва мунтазамга ўтишни мақсадга мувофиқ деб топсак, ҳар доим мунтазам рейсларга ўтиш имконияти мавжуд», — дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда тўхтаб қолган Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги доимий авиақатновларни қайта тиклаш режаси ҳақида аввалроқ маълум қилинган эди. Февралда Украина Ўзбекистон билан ҳаво алоқасини эртароқ тиклаш, ҳар икки томонга ҳафтасига етти марта парвозларни амалга оширишдан манфаатдор экани ҳақида хабар берилган эди. Шу билан бирга, Тошкент-Харьков-Тошкент темир йўл алоқасини тиклаш масаласи кўтарилди.

Сентябрда элчи Николай Дорошенко Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан Самарқанд ва Киев ўртасида авиақатновларни ўрнатиш масаласини муҳокама қилган эди. Октябрь бошида эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси SkyUp авиакомпанияси вакиллари Тошкент ва Киев ўртасида доимий қатновларни йўлга қўйиш, сўнгра рейслар сонини босқичма-босқич оширишни режалаштираётганини маълум қилди. Avianews.com маълумотларига кўра, лоукостер июлдаёқ Украина Давлат авиация хизматига Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун ариза топширган бўлиб,ушбу авиакомпания Киевдан Тошкентга ҳафтасига икки марта парвозларни амалга оширишни режалаштирган.