9 сентябрь куни Самарқанд ва Львов шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко билан учрашув давомида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Украинанинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Бундан ташқари, учрашувда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда Самарқанд вилоятида IT Parк ташкил этиш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва бошқа бир қатор соҳалар бўйича биргаликда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар муҳокама этилди.

Учрашувда элчи Николай Дорошенко Самарқанд билан ўзаро биродарлашган Львов вилояти раҳбари Максим Козицькийнинг вилоят вакилларини Львовга таклиф этгани ҳақидаги таклифномасини топширди.

«Томонлар тез фурсатда украиналик ишлаб чиқарувчилар ва ишбилармонлар иштирокида онлайн режимда самарқандлик тадбиркорлар билан учрашув ташкил этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, февраль ойида Украина Ўзбекистон билан авиақатновларни тиклашдан манфаатдор экани, ҳар икки томонга ҳафтасига етти марта парвозларни амалга ошириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, Тошкент-Харьков-Тошкент темир йўл алоқасини тиклаш масаласи ҳам кўтарилганди.

Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси 2015 йил май ойига қадар «Тошкент — Киев — Тошкент» йўналиши бўйича доимий рейсларни амалга оширган. Бироқ парвозлар икки давлат авиацион ҳукуматлари ўртасида келишувлар мавжуд бўлмагани боис тўхатилган эди. Украина билан доимий авиаалоқаларни қайта тиклаш имкониятлари тўғрисидаги сўнгги ахборотлар 2017 йилнинг декабрида пайдо бўлган эди.