2019 йилда ва 2020 йилнинг 8 ойи ичида таъмирланмаган йўллар сабабли 532 та ЙТҲ содир бўлган. Уларда 191 киши вафот этиб, 511 нафар фуқаро жароҳатлангани аниқланди, дея маълум қилди Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Қутбидин Бурханов.

Хабарга кўра, мазкур ЙТҲлар автомобиль йўлларининг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган, таъмирлаш ишлари охирига етказилмасдан қолиб кетган ҳамда таъмирланиши лозим бўлган жойларда содир бўлганлиги қайд этилган.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларига қулайликлар яратиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилот ва идораларга 2017−2020 йиллар давомида жами 6 709 та тақдимнома киритилган. Бироқ уларнинг 3 173 таси ёки 45 фоизи белгиланган муддатларда ижро этилмаган, дейилади хабарда.