Европа Комиссияси AstraZeneca’га қарши судга мурожаат қилади

Европа комиссияси коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарувчи AstraZeneca компанияси устидан судга шикоят қилишини маълум қилди. Ушбу қарорга вакциналарни етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлди. Жорий йилининг биринчи чорагида, компания Европа Иттифоқи билан шартномада белгиланган 100 млн доза ўрнига 30 млн дозани минтақа мамлакатларига етказиб берди. Танқислик Европа Иттифоқи мамлакатларидаги эмлаш кампанияларига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Компания иккинчи чоракнинг охирига келиб 70 млн дозани етказиб беришини тахминан қилган, лекин шартнома бўйича AstraZeneca 300 млн дозани етказиб бериши керак. Нашр манбаларига кўра, судга мурожаат қилишдан мақсад, компанияни вациналарнинг келишиб олинган миқдорини етказиб беришни мажбурлашдир. — Politico.

Март ойининг ўрталарида Европанинг бир қатор мамлакатлари AstraZeneca вакцинасини қўллашни вақтинчалик тўхтатиб қўйган эди. Бир ой ўтгач Дания вакцинадан бутунлай воз кечди. Жорий ойнинг бошида Европа дори воситалари бўйича агентлиги коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинаси ва вакцинани қабул қилганлар орасида кузатилган тромбоз ҳолатлари орасида боғлиқлик борлиги ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган эди.


Илк бор Марс атмосферасидан кислород ажратиб олинди

Фото: Атмосферадан кислород ажратиб оладиган махсус қурилма / nasa.gov

Perseverance номли Марс юзасида ҳаракатланувчи қурилма илк бор сайёра атмосферасидан кислород ажратиб олди, деб хабар беради НAСA. Синов пайтида қурилма соатига 6 граммга яқин кислород ишлаб чиқарди. Ушбу миқдор одам учун тахминан 10 дақиқалик нормал ҳаётни таъминлайди, дея таъкидлади космик агентлик. Умуман олганда, қурилма соатига 10 граммгача кислород ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Қурилманинг функцияларини текшириб олгандан сўнг, олимлар уни турли хил атмосфера шароитида синовдан ўтказишни бошлайдилар. Келажакда Марсда кислород ишлаб чиқариш технологияси астронавтларга сайёранинг ўзида ракета ёқилғиси ишлаб чиқаришга ёрдам беради, шунингдек уларга нафас олиш учун мос муҳит яратади, дея изоҳ берди НAСA. — NASA.


Биз Ернинг бойликларини ўйламай сарф қилмоқдамиз — БМТ бош котиби

Халқаро Она Ер куни 22 апрелда нишонланади. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ушбу масала бўйича ўз мурожаатида табиат билан урушни тўхтатиш ва глобал исишнинг олдини олиш чораларини кучайтиришга чақирди. «Инсоният табиий бойликларни шафқатсиз раившда эксплуатация қилишда давом этмоқда. Биз Ернинг бойликларини беҳуда сарф қиляпмиз, бу эса ёввойи табиат ресурсларининг камайишига олиб келади. Биз ҳаво, қуруқлик ва денгизларни ахлатхоналар сифатида кўраяпмиз», — деди ташкилот раҳбари. Унинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси муҳим экотизимларни ҳалокат ёқасига олиб келди. «Бундай ҳаракатлар ўз жонига қасд қилишга ўхшайди. Табиат билан бўлган урушимизни тўхтатиш ва уни даволаш керак», — деди Гутерриш. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда сайёрамиздаги ҳароратнинг 1,5 даражадан ошишига йўл қўймаслик учун иқлим ўзгаришига қарши курашда қатъий чораларни кўриш зарур. Бундан ташқари, БМТ бош котиби биохилма-хилликни муҳофаза қилишни таъминлаш — флора ва фаунанинг йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш, шунингдек барқарор ривожланиш орқали ифлосланишни камайтиришга чақирди. — Газета.uz


АҚШ президенти Усмонли империясида бўлган арман қирғинини тан олишни режалаштирмоқда

AҚШ президенти Жо Байден Усмонли империясида арманларнинг қирғин қилинишини расман тан олишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal исми ошкор этилмаган америкалик расмийларга таяниб. Таъкидланишича, Байден Усмонли турклари томонидан 1915 йилда бошланган арманларнинг депортацияси, очарчилик ва қирғинларини геноцид деб атайди. Нашрнинг ёзишича, бу баёнот 24 апрель куни ҳар йили хотира кунига бағишланган нутқ пайтида айтилади. Расмийларнинг қўшимча қилишича, якуний қарор қабул қилинмаган, Байден ҳанузгача бошқа президентлар сингари қотилликни геноцид деб атамай, ўзинининг чиқишини рамзий баёнот билан чеклашга қарор қилиши мумкин. Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Haberturk билан суҳбатда Байденнинг мумкин бўлган геноцид ҳақидаги баёноти икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга зарар етказишини айтди. — The Wall Street Journal.

1915 йилда Усмонли империясида 1,5 млн нафаргача этник армани ўлдирилгани, шу билан бирга, арман халқининг геноциди бўлганлигини кўплаб давлатлар томонидан тан олинган. 1965 йилда Уругвай биринчи бўлиб буни тан олди, ундан кейин Франция, Италия, Голландия, Белгия, Польша, Литва, Словакия, Швеция, Швейцария, Греция, Кипр, Ливан, Канада, Венесуэла, Aргентина, Бразилия, Чили, Ватикан, Боливия, Чехия, Aвстрия, Люксембург. Aрман геноциди Европа парламенти ва Бутунжаҳон черковлар кенгаши томонидан ҳам тан олинган.


ЕКПA Навальнийни 7 июнгача озод қилишни талаб қилди

Европа Кенгаши Парламент Aссамблеяси (ЕКПA) Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний бўйича резолюция қабул қилди. Резолюцияга кўра, Россия раҳбарияти Навальнийни жорий йилнинг 7 июнигача озод қилиши керак. Қарорни 105 киши қўллаб-қувватлади, 26 киши қарши овоз берди ва 11 киши бетараф қолди. ЕКПА, шунингдек, Москвани Навальний озод қилинишидан олдин «унга барча керакли тиббий ёрдамни кўрсатишга ва унинг ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилишга», шу жумладан, ўзи танлаган шифокорлар кўригидан ўтказишга чақирди.

Россиянинг ЕКПАдаги делегацияси раҳбари Пётр Толстойнинг таъкидлашича, Россия ушбу резолюцияни бажармайди ва «резолюция тавсия хусусиятига эга, шунинг учун улар тавсия қилаверишсин», дея таъкидлади.

20 апрель куни Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович Россия ҳукуматини Навальнийни озод қилишга ва «соғлиғининг жиддий ёмонлашиши муносабати билан дарҳол тиббий хизматдан тўлиқ фойдаланиш имкониятини беришга» чақирган эди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 19 апрель куни «Россия Федерацияси ҳудудидаги маҳкумлар ва маҳбусларнинг соғлиғи ҳолати бошқа давлатлар вакиллари учун қизиқиш мавзуси бўлмасин ва бўлмаслиги керак», деб айтди. Шунингдек, Песков ҳуқуқ ёки қонунларнинг бузилиши тўғрисида шикоят ва шубҳаларни Россия прокуратурасига юборишни тавсия қилди. — Интерфакс.

21 апрель куни Россия бўйлаб Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун митинглар бўлиб ўтди.


Нигерияда бир кун ичида қароқчилар камида 45 кишини ўлдирган

Нигериянинг шимоли-ғарбий қисмида Замфара штатида ўтган кун давомида (21 апрель) камида 45 киши қароқчилар томонидан ўлдирилди. Қуролли тўдалар 21 апрель куни Магами туманидаги еттита қишлоққа ҳужум қилиб, жами 45 нафар аҳолини, шу жумладан болаларни ўлдирдилар, деб ёзмоқда ТАСС маҳаллий ОАВга таяниб. Штат ҳукумати қароқчиларга қарши курашиш учун ҳудудга махсус кучларни юборди. Замфара штатида 30 мингдан ортиқ қароқчининг борлиги айтилмоқда. Уларга қарши 5 мингга яқин хавфсизлик кучлари кураш олиб бормоқда.

Сўнгги ойларда Нигериянинг бир неча шимолий ва марказий қисмида тинч аҳолига қарши тўда ҳужумлари сезиларли даражада кўпаймоқда. Энг кўп ҳужумлар Замфара, Кадуна, Сокото ва Кацина штатларида қайд этилган. Эндиликда жиноий гуруҳларнинг фаолият зонаси мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқала бошлади, дея ёзмоқда нашр. Қароқчилар одамларни ўлдиради, тўлов учун гаровга олади, мол ўғирлайди, аҳолини қўрқитади, ҳар хил солиқларни ундиради. Бундай шароитда расмийлар қароқчиларга қарши курашиш учун махсус полиция ва армия бўлинмаларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. — ТАСС.


Индонезиянинг сувости кемаси ғойиб бўлди

Индонезиянинг KRI Nanggala-402 сувости кемаси Бали яқинида ғойиб бўлди. Кемада 53 нафар экипаж аъзоси бор. Ҳозирда қидирув ишлар кетмоқда. Nanggala сувости кемаси торпеда машғулотларини ўтказаётган пайтида алоқага чиқмай қўйди. Маълумотларга кўра, эҳтимол, кема ҳозирда Шимолий Бали сувларида 700 метр чуқурликдадир. 21 апрель куни Бали оролининг яқинида, сувости кемаси ғойиб бўлган жойда, нефть тўкилган излари топилди. Индонезия адмиралининг сўзларига кўра, 21 апрель куни ғойиб бўлган пайтда, кемада 72 соатлик кислород бўлган, кислород таъминоти 24 апрель, шанба куни бутунлай тугайди. Йўқолган сувости кемасини қидиришда Россия, AҚШ, Германия, Франция, Ҳиндистон, Туркия ва Aвстралия ўз ёрдамларини таклиф қилишди. Сингапур ва Малайзия кема йўқолган жойга қутқарув кемаларини жўнатишган. — РБК.