Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзолари 20 апрель куни «Давлат тили ҳақида"ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди. Кун якунида қонун муҳокамаси тўхтатилиб, лойиҳани ишлаб чиққан қўмита барча тортишаётган томонлар билан қайта ишлаб чиқиши белгиланди.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси бўйича парламентдаги «Миллий тикланиш» фракцияси раиси, депутат Алишер Қодиров ҳамда ЎзЛиДеП аъзоси, депутат Расул Кушербаевлар фикр билдирди.

«Миллий тикланиш» фракцияси раиси Алишер Қодиров қонун лойиҳаси муҳокамасида «ХДПнинг советча қарашлари ва «Миллий тикланиш»ни азалдан жини суймайдиганлар билан қонунга жиддий эътибор бермаётганларнинг кайфиятлари» устуворлик қилганини таъкидлайди.

«Ўзбек тили қадрини кўтариш ва уни устуворлигини таъминлаш учун киритаётган таклифларимиз „қолган миллатларни хафа қилиб қўймаслигимиз керак“ ёндашуви билан қабул қилинмай қоладигандек. Кечаги сессияда шундай нормалардан бири етарли овоз йиғмади», — дейди у.

Қодировнинг ёзишича, қонун лойиҳасининг 4-моддасида белгиланган фуқарони давлат тилини билмаганлиги учун хуқуқини чекламаслик тўғрисидаги норма кўпчилик овози билан қабул қилинган.

«Тахмин қилаяпман, шу кетишда 11-моддадаги давлат хизматчисига давлат тилини билиш, 13-моддадаги давлат идоралари аризаларни давлат тилида қабул қилиши ва жавоб бериши, 17-моддадаги барча миллатларни ўз она тилларида таълим олишларига устуворлик бериш бўйича нормалар ҳам чиқариб ташланади», — дея ёзган эди у.

«Ҳаммани ўйлаш албатта яхши, ўйлаяпмиз ҳам, бу қонун лойиҳасида биронта бошқа миллатли ватандошларимиз ҳуқуқини камситадиган норма йўқ… лекин бу меҳрибонлик ўзимизни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак… Парламент сайловларида масъулиятли бўлинг. Чунки шу ерда миллат ё қаддини ростлайди ёки тиз чўкади», — деб ёзган у.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Расул Кушербаев Қодировнинг баёнотига муносабат билдирди.

«„Миллий тикланиш“ партияси раиси Алишер Қодировнинг Ўзбекистондаги озчилик миллат вакилларига нисбатан бўлаётган эътиборни „меҳрибонлик“ учун қилинаётган иш мазмунида қабул қилиб бўлмайди, деб ўйлайман. Ким „меҳрибонлик“ сўрабди, кимга керак бундай „меҳрибонлик“, тенглик камситишга олиб бориши нима деган гап?» Ўзимизни" деб кимни айтаяпмиз?", — деб ёзади у.

Кушербаев давлат тили билан боғлиқ масалани кўп миллатли мамлакатда фақат қайсидир миллат тақдири билан боғлайвериш нотўғри эканлигини таъкидлайди. «Биз барчамиз кўп миллатли Ўзбекистоннинг фуқаролари шу юртнинг бир бўлагимиз».

«Шу мамлакатда туғилиб ўсган ва мамлакат ривожи, ҳаёти учун озми кўпми ҳамма миллатлар қатори ҳисса қўшган озчилик миллат авлоди сифатида бундай мазмундаги гапларни эшитиш шахсан менга оғриқли бўлмоқда. Билмадим буни танада ҳис қилиб кўриш учун Ўзбекистонда ўзбек миллатидан бошқа миллат вакили бўлиб туғилиб, яшаб кўриш керакдир. Лекин бугун буни айрим ҳамкасбларимиз таналарида ҳис этмай, енгил ўтиб кетишди, саволлар мазмунига чуқур киришмади», — дейди депутат.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси масала давлат тилида иш юритиш ҳақида кетаётганлигни эслатади ва давлат ишлари билан боғлиқ масалаларда давлат тилига амал қилишни кучайтириш кераклигини таъкидлайди.

«Лекин бир тилни бу мамлакатдаги барча учун мажбурий «халқ тили»га айлантиришдан тийилайлик. Чунки гап давлат тили ҳақида кетмоқда. Давлат тили эса битта-ўзбек тили, халқ тили эса кўп».

«Миллат, миллат, миллат, деган сўзни такрорлайверишни ҳам сал озайтирайлик энди. Ахир мамлакат биргина миллатга тегишли эмаску оғайнилар! Биз макон ва миллатни танлаб туғилибмизми? Мақсадларимизни мамлакат, халқ, деган тушунча билан боғлашга ҳам ўтайлик энди. Ҳар сафар миллат деявериш шу юртдаги бошқалар учун камида оғир ботиши мумкинлигини ҳам ўйлайлик, айниқса зиёлилар», — дейди Кушербаев.

Депутат бу гаплар унинг ўта шахсий фикрлари эканлигини таъкидлади. «Бу мен аъзо бўлган партия, фракция ёҳуд сайлов округимдагиларнинг якдил хулосаси эмас. Шу сабаб унга қўшилмаслик мумкин».