Чехия Россия элчихонасининг 18 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юборади

Чехия Россия элчихонасининг 18 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юбормоқда, улар, маҳаллий махсус хизматларнинг маълумотларига кўра, Россия разведкаси зобитларидир. Бу ҳақда 17 апрель куни Прагада бўлиб ўтган фавқулодда матбуот анжуманида бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва айни пайтда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи ички ишлар вазири Ян Гамачек маълум қилди. «Чехия ташқи ишлар вазири сифатида мен Россиянинг Прагадаги элчихонаси ходимларини чиқариб юборишга қарор қилдим, улар бизнинг махсус хизматларимиз томонидан СВР ва ГРУ рус махсус хизматларининг зобитлари сифатида аниқ белгиланди. 48 соат ичида Россия элчихонасининг 18 ходими Чехияни тарк этиши керак», — деди у. Матбуот анжуманида Чехия бош вазири Aндрей Бабиш ҳам иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, ГРУ 2014 йилда мамлакат шарқидаги Злин шаҳри яқинидаги Врбетиц қишлоғидаги ўқ-дорилар омборидаги портлашда иштирок этган.

Словакия президенти Зузана Чапутова 18 апрель куни Чехия Республикасининг ушбу ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. «Словакия чет эл махсус хизматларининг тахмин қилинган [Чехияга қарши] бузғунчилик фаолиятини диққат билан кузатмоқда. Биз Чехия Республикасини ва унинг қадамларини қўллаб-қувватлаймиз», деди Чапутова.

Шунингдек, Литва ҳам Чехиянинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис 18 апрель куни Twitter’да ёзди. «Биз иттифоқдошимиз Чехия билан мамлакатдан [Россия элчихонасининг ходимларини] чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор билан тўла бирдамлигимизни билдирамиз», дейилади хабарда.

Польша Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Чехия Республикасининг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги 18 апрель куни Twitter’да маълум қилди. «Иттифоқдошларнинг бирдамлиги ва тезкор ҳаракатлар бизни кучли қилади. Польша Чехия Республикасининг 2014 йилда ўқ-дорилар омборидаги портлашда айбдор бўлган россиялик дипломатларни чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлайди», дейилади хабарда.

Бунга жавобан 18 апрель куни Россия ТИВ томонидан Чехия элчихонасининг йигирма ходими «персона нон грата» деб эълон қилинди. Уларга мамлакат ҳудудини 2021 йил 19 апрель куни кун охиригача тарк этиш буюрилган.


Молдова Социалистик партияси мамлакат президентини фитнада айблаб, унинг истеъфосини талаб қилмоқда

Молдовадаги энг йирик социалистлар партияси президент Майя Сандуни конституцияга қарши фитнада айблаб, унинг истеъфосини талаб қилмоқда. Бу ҳақда партия раҳбари, собиқ давлат раҳбари Игорь Додон 18 апрель куни бўлиб ўтган партиянинг республика кенгаши йиғилишидан кейин айтиб ўтди. «Социалистик партия Майя Санду шахсан бизнинг мамлакатимиз ва унинг халқига қарши миллий ва конституцияга қарши фитнада қатнашган деб ҳисоблайди. Биз Майя Сандунинг истеъфосини ва Молдова Республикасида муддатидан олдин президент сайловларини ўтказилишини талаб қиламиз», деб ёзган Додон Facebook’да. Унинг таъкидлашича, партия давлат раҳбарининг очиқ босими остида қабул қилинган Конституциявий суд қарорини «Молдовада хорижий кураторлар манфаатлари йўлида ташқи бошқарув режимини ўрнатиш мақсадида» конституциявий тўнтариш сифатида кўрмоқда. Социалистлар Конституциявий суднинг ҳозирги таркибига ишончсизлик билдиришиб, унинг уч аъзосининг истеъфосини талаб қилишмоқда, деди Додон. — Игорь Додоннинг Facebook’даги саҳифаси.

15 апрель куни Молдова Конституциявий суди Майя Сандуга парламентни тарқатиб юборишга рухсат берган эди. Бунга парламентнинг икки марта ҳукуматни тасдиқламагани сабаб бўлди.


Фрация президенти мамлакат қамоқхоналарида 8 минг қўшимча жой яратишга ваъда берди

Франция президенти Эммануэль Макрон президентлик ваколати тугагунига қадар мамлакат қамоқхоналарида яна 8 мингта қўшимча жой яратишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилди. «Биз 7 мингта қўшимча жой яратдик ва мен 15 мингта [беш йиллик ваколатим давомида] жой яратишга ваъда бераман. Кейинчалик биз яна 8 мингта жой яратамиз — бу ҳафта ҳукумат ҳаракатлар режасини тақдим этади ва улар қаерда яратилиши мумкинлигини аниқлайди», — деди Макрон. Давлат раҳбари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида қўшимча 10 мингта иш ўрни яратиш бўйича аввалги ваъдасини бажаришини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, улар 6,2 минг нафар полиция ходими ва жандармаларни жалб қилишган бўлиб, бу йилдан бошлаб 2 мингта янги иш ўринлари пайдо бўлади. Макрон, шунингдек, 30 минг ходимдан иборат полиция захираси яратилишини, жандарма захираси 30 кишидан 50 минг кишигача кўпайтирилишини айтди. Унга кўра, ваколат муддати тугагунига қадар полиция жиҳозларининг 50 фоизини янгилаш ишлари якунланади, полиция махсус кийими ҳам ўзгартирилади. «Бу шуни англатадики, французлар 2022 йилда кўчаларда форма кийган одамларни 2017 йилга қараганда кўпроқ учратишади. Бу одамларни тинчлантиради ва жиноятчиларни қўрқитади», — дейди у. — Le Figaro.


Рауль Кастро Куба Коммунистик партияси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди

Куба Коммунистик партиясининг биринчи котиби Рауль Кастро 18 апрель куни Гаванада бўлиб ўтган партиянинг 8-қурултойида истеъфога чиқишини эълон қилди. 89 ёшли Кастро раҳбарликни «эҳтиросга тўла ва антиимпериалистик руҳга эга» ёш авлодга топшираётганини айтмоқда. Рауль Кастро уни муҳим лавозимларга тайинлаган Кубанинг собиқ раҳбари Фидель Кастронинг укаси ва шериги бўлган. 2008 йилда Рауль Кастро бир вақтнинг ўзида Куба давлати ва ҳукумати раҳбари, шунингдек, қуролли кучларининг бош қўмондони бўлган. 2018 йилда Кубанинг янги Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан Кастро Куба Коммунистик партияси раҳбари ва бош қўмондони лавозимида қолган ҳолда давлат ва ҳукумат раҳбари лавозимларини тарк этди. Конституциянинг янги таҳририга биноан президент ва бош вазир лавозимлари 2019 йилда Кубада қайта тикланди. Шундай қилиб, 60 йил ичида илк бор Кастро оиласининг вакиллари унда раҳбарлик лавозимларини эгалламайдилар. — Газета.uz


SpaceX Ойга астронавтларни етказиб бериш бўйича шартномани қўлга киритди

Илон Маскнинг SpaceX компанияси космонавтларни Ой юзига етказиб бериш бўйича НAСA шартномасини қўлга киритди. Жефф Безоснинг Lockheed Martin, Northrop Grumman ва Draper билан бирлашган Blue Origin, ҳамда Dynetics компаниялари танловнинг сўнгги босқичида ҳам иштирок этган. Шартноманинг умумий белгиланган қиймати 2,89 млрд долларни ташкил этади. НAСA режаларига кўра, тўрт астронавт Ой орбитасига кўп кунлик саёҳатга «Орион» космик кемаси ва Space Launch System ракетасида юборилади. У ердан экипажнинг икки аъзоси SpaceX’нинг қўниш жойида Ой юзига тушади. Тахминан бир ҳафта ичида космонавтлар орбитага қайтиб, кейин Ерга юборилади. Маълум қилинишича, астронавтлардан камида бири аёл киши бўлади. AҚШнинг аввалги маъмурияти НAСAга одамни 2024 йилда Ойга қайтаришни мақсад қилиб қўйган эди. Ой дастури «Aртемис» деб номланган ва уни амалдаги президент Жо Байден маъмурияти қўллаб-қувватлаган. — Газета.uz


Буюк Британия ҳукумати «душман давлатлардан» ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилади

Хорижий ҳукуматлар номидан Буюк Британияда ишлайдиган шахслар янги қонунга биноан қиролликда эканлигини тасдиқлаш мақсадида рўйхатдан ўтишлари шарт бўлади, бу миллатни Хитой ва Россия каби «душман давлатлари»дан ҳимоя қилиш учун қилинмоқда. The Times’нинг ёзишича, бош вазир Борис Жонсон қироличанинг 11 майдаги нутқидан душман давлатларга қарши курашиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини эълон қилиш учун фойдаланади. Қўйилган талабни бажармаслик учун жиноий жавобгарликка тортиш кўзда тутилган. Шунингдек, нашрда ёзилишича, ҳукумат давлат сирлари тўғрисидаги қонунни чет элдан Буюк Британиянинг манфаатларини бузишга уринаётган шахсларга, шу жумладан душман давлатлар номидан ишлайдиган кибер хакерларга қарши ишлатилиши учун янгилайди. Таъкидланишича, Жонсон ушбу чораларни Россия ва Хитой фаолиятига нисбатан хавотирларнинг кучайиши фонида давом эттиришга қарор қилган. — The Times.


Aр-Риёд ва Теҳрон муносабатларни тиклаш учун музокара ўтказмоқда

Саудия Aрабистони ва Эрон расмийлари муносабатларни тиклаш учун тўғридан-тўғри музокаралар ўтказмоқда, деб ёзмоқда Financial Times ўз манбаларига таяниб. Нашрнинг учта манбасига кўра, музокараларнинг биринчи босқичи 9 апрель куни Бағдодда бўлиб ўтган. Ушбу ташаббус 2016 йилдан бери давлатлар ўртасидаги биринчи муҳим сиёсий мунозара деб ҳисобланади, дея таъкидлайди нашр. Кейинги ҳафтада музокараларнинг яна бир раунди режалаштирилган, дея қўшимча қилинди. Financial Times’нинг ёзишича, музокаралар жараёнига, хусусан, март ойида Саудия Aрабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Aл Сауд билан суҳбат ўтказган Ироқ бош вазири Мустафо ал-Казимий ёрдам бермоқда. Саудия Aрабистонининг юқори лавозимли расмийси музокараларни рад этди, деб ёзади нашр. Ироқ ва Эрон ҳукуматлари ушбу маълумотларга изоҳ беришдан бош тортдилар. Бошқа маълумотларга кўра, Бағдод, шунингдек, Эрон ва Миср, Эрон ва Иордания ўртасидаги алоқаларни тиклашда воситачи ролини ўйнаган. Нашрнинг манбасига кўра, Ироқ бош вазири мамлакатни минтақадаги ушбу антагонистик кучлар ўртасидаги кўприкка айлантиришда шахсан ўзи туришини истамоқда. — Financial Times.