Тошкент вилоятида йўл-патруль хизмати ходимлари машинасида «отвёртка» бўлган ҳайдовчига нисбатан маъмурий далолатнома туздилар, деб хабар беради ЙҲХББ матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда ЙПҲ ходими автомобилда «отвёртка» борлиги учун далолатнома тузганлиги ҳақида видео тарқалди. Тарқалган видеода ҳайдовчи постдан ўтаётганида уни тўхтатишгани, ЙПҲ ходимининг ҳужжатини кўришини сўраганидан кейин машинасини тинтув қилишгани ҳақида айтиб ўтган.

Аввалроқ блогер Ферузхан Якубхўжаев ушбу воқеа ҳақида канал ўқувчисига асосланиб ёзган эди. Оҳиргисининг сўзларига кўра, ЙПҲ инспекторлари автоуловни назорат пунктида тўхтатиб, ҳужжатларни сўрашган. Бунга жавобан ҳайдовчи уларнинг ҳужжатларини кўриб чиқишини сўраган.

«Постдан ўтаётганимда тўхтатишди. Ҳужжатларимни сўрашганида аввал уларникини кўрмоқчи бўлиб сўрадим, кейин эса шунга жаҳли чиқиб, ҳужжатларимни текширишди. Муаммо бўлмагач, машинамни тинтув қилишди. Улар «отвёртка»ни олиб, ўткир тиғли қурол сифатида далолатнома тузиб, 2 соат вақтимни олишди», — дейилади видео лавҳада.

ЙҲХББ маълумотларига кўра, воқеа 23 март куни соат 23:00 ларда, Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Токзор МФЙ ҳудудида жойлашган блок-постда содир бўлган. Хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Ж.И томонидан Spark русумли автомобиль тўхтатилган. Холислар иштирокидаги текширув давомида ХПБ ТП профилактика инспектори А.А томонидан автомобилда мавжуд бўлган «отвёртка» ўткир тиғли восита дея ҳисобланиб тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.