ЕИнинг энг йирик мамлакатлари — Германия, Франция, Италия ва Испания — Оксфорд университети ва AstraZeneca томонидан ишлаб чиқилган вакцинадан фойдаланиш тўхтатилганлигини эълон қилди, дея хабар бермоқда РБК.

15 март куни Германия СCВ хабар қилинган ножўя таъсирларни текшириш учун AstraZenecа коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишни тўхтатаётганини эълон қилди. Шундан кейин бир неча соат ичида Европанинг бир қатор мамлакатлари расмийлари ҳам ушбу вакцинадан фойдаланишни тўхтатганлигини эълон қилишди.

Европадан ташқарида AstraZenecа вакцинасидан фойдаланиш Индонезия, Конго Демократик Республикаси, Таиланд, Жанубий Африка томонидан тўхтатилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус маълумотига кўра, ташкилотнинг вакциналар хавфсизлиги бўйича маслаҳат қўмитаси 16 март куни AstraZeneca препарати хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

«Бизнинг қароримиз фақат огоҳлантирув сифатида қабул қилинган. AstraZeneca билан дунёнинг кўплаб мамлакатларида миллионлаб одамлар эмланади. Ушбу қарорнинг оқибатларини барчамиз яхши биламиз. Вакцинага бўлган ишончни сақлаб қолиш учун Германиядаги ва Европа Иттифоқидаги мутахассисларимизга сўнгги воқеаларни таҳлил қилиши учун вақт беришимиз керак. Шунингдек, улар вакцинанинг фойдаси мумкин бўлган хавфдан устунроқми ёки йўқлигини аниқлашимиз керак», —деди Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан.

Голландиялик дори-дармонларни назорат қилиш бошқармаси нохуш ҳодисалар айнан вакцинадан фойдаланилганидан келиб чиққани тўғрисида далиллар йўқлигини, аммо буларнинг барчасини текшириш учун вақт кераклигини таъкидлаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари БМТнинг Янгиликлар хизмати томонидан аниқлик киритилишича, тромбоз ҳолатлари ва AstraZeneca вакцинаси билан эмлашлар ўзаро боғлиқлиги ҳозиргача тасдиқланмаган. Бундан ташқари, экспертларнинг таъкидлашича, дунёда аллақачон коронавирусга қарши юз миллионлаб эмлашлар қилинган ва шу пайтгача эмлаш натижасида биронта ўлим ҳолати расмий равишда рўйхатдан ўтказилмаган.

«Биз барча мамлакатларни бирдамлик кўрсатишга чақирамиз ва эмлаш жорий йилнинг биринчи 100 кунида барча мамлакатларда бошланиши учун ҳамма нарсани қиламиз. Ушбу муддат тугашига атиги 26 кун қолди», — дея таъкидлади ЖССТ Бош директори. Унинг таъкидлашича, барча мамлакатлар аҳолиси эмланмаса, глобал пандемия тугамайди.

Бундан аввал, Дания, Норвегия ва Исландия каби мамлакатлар эҳтиёткорлик чораси сифатида AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни вақтинчалик тўхтатиб қўйган эди. Австрия, Италия, Эстония, Латвия, Литва ва Люксембург каби мамлакатлар эса фақат бир партия ичидаги вакциналардан фойдаланишни тўхтатганди.

ЮНИСЕФ тақдим этган жадвалга кўра, Ўзбекистон 2 млн 640 минг доза AstraZeneca/Oxford вакцинасини олиши режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.