Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раҳбари Қудратилла Рафиқов Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Абдушокир Раҳимовни президентни алдаётганликда айблади.

У бу ҳақда федерациясининг катта мажлислар залида сешанба куни ўтказилган аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида айтган.

Daryo.uz`нинг хабар беришича, тадбирда комиссия аъзоси, Фермерлар кенгаши раиси ўринбосари Абдушокир Раҳимов икки ойлик ҳисоботни ўқиб, эшиттирган.

Унинг айтишича, Кенгаш «аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг 15 минг 665 нафарининг бандлигини таъминлаши керак бўлган. Шундан 7 минг 571 нафарига ўз хонадонида бир ва икки сотихли иссиқхона қуриб бериш белгиланган. 7 минг 176 нафарига парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш орқали, 918 нафар аёлнинг бандлиги томорқа хизмат корхоналари ва кластерларни ташкил этиш орқали таъминланиши керак эди. Кенгаш томонидан ушбу ишлар учун 75 млрд сўм маблағ ажратилгани қайд этилди.

«Лекин жорий йилнинг январь-февраль ойларида режамиз 1 минг 780 нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўлса-да, бунинг учун 6 млрд сўм маблағ ажратишимиз керак эди. Биз 1 минг 836 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаб, жамғармамиздан 7,3 млрд сўм маблағ ажратдик», — деди Раҳимов.

Бироқ айрим вилоятлар маблағдан тўғри фойдаланмагани маълум бўлган. «Бу масала бўйича Сирдарё, Навоий, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларининг кенгаш раислари жуда қаттиқ огоҳлантирилди. Агар улар март-апрель ойлари режаларини ҳам худди шундай бажарадиган бўлса, уларнинг ишда қолиш ёки қолмаслиги бўйича сизларга таклифларимизни берамиз», — деди Фермерлар кенгаши раиси ўринбосари.

Шунингдек, у бу борада март-апрель ойларида амалга оширилиши режалаштирилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов томорқадан фойдаланиш бўйича Хоразм ва Тошкент вилоятларидаги кўплаб туманларнинг кўрсаткичлари пастлигини танқид қиларкан, «Бу миллиардларингиз мени қизиқтирмайди, бу сизнинг ички ишингиз», — деди.

Бундан ташқари, Қосимов масъулларга чора кўриш, экин экиш мавсуми ўтиб кетмагунча режадаги вазифаларни бажариш, «аёллар дафтари»га киритилган аёллар муаммоларини ҳал қилиб, улар сонини мунтазам ўрганиш, муҳтож хотин-қизларни ўз вақтида рўйхатга киритиш кераклигини ҳам қўшимча қилган.

Абдушокир Раҳимов келгусида қаттиқ ишлашга, камчиликларни тузатишга ваъда берган.

Рустам Қосимов, Қудратилла Рафиқов ва Танзила Нарбаева (чапдан ўнгга). Фото: Daryo.

«Сиз бизга ваъда берманг, бизга масалани кўтаринг. Эплолмаяпман, икки ойдан бери қўлимдан келмади, денг. Биздан ёрдам сўранг. Биз бир томонлама ўйлаётганимиз йўқ. Нега шу пайтгача индамай ўтирибсиз селектор бўлишини пойлаб? Комиссияга мурожаат қилинг», — деди президент маслаҳатчиси.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосарини лавозимига номуносиб эканини айтган.

«Менга қаранг, туринг ўрнингиздан. Танзила Камоловна, биз бу одам билан уч ойдан бери ишлаяпмиз, масала ҳал бўлмаса керак. Ҳайитов келсин (Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов — таҳр.), бу одам масаласини ҳал қилиш керак. Ҳозир Вазирлар Маҳкамасига ҳам чиқамиз, сиз чиқиб кетаверинг бу ердан, ишламайсиз бошқа», — деди у.

Қудратилла Рафиқов (марказда). Фото: Федерация матбуот хизмати.

Қолаверса, Қудратилла Рафиқов Абдушокир Раҳимовни президентни алдаётганликда айблади.

«Сиз битта мени эмас, Танзила Камаловнани эмас, президентни алдаяпсиз. Сизларнинг гапингизга ишониб, президентга кеча ҳам, ўтган куни ҳам ахборот бердим. Бугун ҳам администрация раҳбарига ҳаммамиз ҳисобот бердик. Нима қиласизлар бизни алдаб? Ундан кўра, ҳал бўлмаётган масалалар бўйича ёрдам сўранглар. Уч ойдан бери сизга яхши гапиряпмиз», — деди Қудратилла Рафиқов.

Аввалроқ, мазкур йиғилишда уни ёритиш учун таклиф қилинган ОАВ вакиллари чиқариб юборилгани, кейинчалик эса федерация матбуот хизмати раҳбари материалларни чиқаришдан олдин кўрсатиб олишни сўрагани ҳақида ёзган эдик.