Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг катта мажлислар залида бугун, 9 март куни Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Daryo нашри хабар бермоқда.

Хабарга кўра, тадбирда Сенат раиси Танзила Норбоева, президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов, қолаверса, Тошкент шаҳри ва вилоятидан мутасаддилар иштирок этган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг таъкидлашича, видеоселектор йиғилишида жами 1 минг 750 нафарга яқин ходим қатнашган.

Фото: «Дарё».

Журналистларнинг айтишича, танқидий-таҳлилий руҳда кечаётган тадбирнинг айни қизғин палласида йиғилишни ёритиш учун келган ОАВ вакиллари кутилмаганда чиқариб юборилди.

«Фарҳод ака, ‘телевизорчик'лар кетсин, бўлди. Бу ерда гапларимиз бор-да бизнинг, илтимос сизлардан, рухсат ҳаммаларингизга. Фарҳод ака? Шу ердами, Фарҳод ака? Маҳмудов буларга (журналистлар назарда тутилмоқда — таҳр.) рухсат берайлик, бўлди кетаверсин, бўлди раҳмат», — деди Рафиқов йиғилишда иштирок этаётган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудовга юзланиб.

Соат 11:00 да бошланган йиғилишда бир ярим соатдан сўнг нафақат «Ўзбекистон 24», «Ёшлар», UzReport, «Менинг юртим», Zo‘r TV каби телеканал мухбирлари, балки «Daryo.uz», «Халқ сўзи online», «Bugun.uz» каби интернет-нашр вакилларига ҳам чиқиб кетиши айтилган.

Шу жойнинг ўзида журналистлар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова ҳамда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати вакили Жонибек Маъруповлардан мазкур вазият бўйича изоҳ сўрашди. Аммо ҳолат бўйича улар томонидан жавоб берилмаган.

Фото: «Дарё».

Тадбирда иштирок этган MY5 телеканали мухбири Юлдуз Олимованинг қўшимча қилишича, уюшма матбуот хизмати раҳбари материални чиқаришдан олдин кўрсатиб олишни сўраган ва рад жавобини олгач, Сенат вакилларини журналистларни тийиб қўйишга чақирган.

«Ҳудудлар кесимида олиб борилаётган ишлар юзасидан одатий ҳисобот маърузалари билан бошланган тадбир эндигина президиумдагиларнинг ғашига тегиб, конкрет жавоблар талаб қилинган бир пайтда, федерация раиси томонидан Фарҳод Маҳмудов орқали ОАВ вакилларининг чиқиб кетиши сўралди. Энг қизиғи, мажлислар залидан чиққан журналистлар олдига уюшма матбуот хизмати раҳбари келиб, материал эфирга берилиши олдидан уларга кўрсатилиб, рухсат олиш кераклигини уқтирди. Шахсан мен бу таклифга рози эмаслигим ва бор маълумотни халққа холис етказишим, бу жараёнга уларнинг аралашуви нотўғри эканини тушунтиришга киришдим. Шундан сўнг, матбуот котиби тадбир ташкилотчиларидан бири бўлган Сенат ахборот хизмати ходимлари ёнига келиб, MY5, „Севимли“, „Daryo.uz“ ва „Халқ сўзи“ мухбирларини улар фаолият юритувчи ташкилот раҳбарларига чиқиб, тийиб қўйишларини сўради. Буниси энди жуда ошиб тушди», — деди у.

«Daryo.uz» мухбири Миролим Исажонов ўзининг Facebook`даги саҳифасида: «Йиғилишдан журналистлар чиқариб юборилар экан, нима учун тадбирга ОАВ вакиллари таклиф этилди?» — дея муносабат билдирган.

«Газета.uz» Сенат матубот хизмати раҳбари Жалолиддин Усмонов билан боғланди. «Бугунги ҳолат бўйича ўргандик. Маълум бўлишича, тадбир икки қисмдан иборат бўлган ва биринчи қисмига ОАВ вакиллари таклиф этилган. Фақат бу ерда тушунмовчилик бўлгани сабаби журналистларга режа тўғри тушунтирилмаган», — деди Усмонов.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Газета.uz» мухбири бир неча бор Касаба уюшмалари федерацияси матбуот котиби Муҳаббат Ўрмонбекова билан боғланиш уриниб кўрди. Лекин ташкилот вакили қўнғироқларни жавобсиз қолдирди.