Пайшанба куни Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳамда бошқа мансабдор шахсларга нисбатан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат айбловчилари Ниғмонов ва Қурбонбоев сўзга чиқиб, музокаралар якуни бўйича суддан айбланувчиларни маълум моддаларда айбли деб топиб, жазо тайинлашни сўраган. Бу ҳақда «Газета.uz»га Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Ахроров маълум қилди.

Таъкидланишича, давлат айбловчиси Ниғмонов айбланувчига жазо қўллашда унинг қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олишни сўраган.

Давлат айбловчилари Ниғмонов ва Қурбонбоев.

«Давлат айбловчиси судга раислик этувчидан Гулжаҳон Йўлдошевага Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми „а“ банди (мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлиши), 209-моддаси 2-қисми „а“ банди (такроран содир этилган мансаб сохтакорлиги) ва 167-моддаси 3-қисми „а“ бандида кўрсатилган (жуда кўп миқдордаги маблағни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, узил-кесил 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни сўради», - дея унинг сўзларини келтирмоқда адвокат Хушнуд Ахроров.

Ўз навбатида Йўлдошеванинг ҳимоячилари Ахроров ва Маҳмудов ҳам «айбловга нисбатан ўзининг асосли эътирозини билдирган».

«Ҳар битта эпизодни битталаб, ҳаммаси асоссиз эканини исботлаб бердик. Тергов томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар, олинган ашёвий далиллар ва қон таҳлили китоби сохталаштирилганини, жиноят ишига киритилиши тўғрисида баённомалар қалбакилаштирилганининг ўзи терговчи томонидан „мансаб сохтакорлиги“ деб уюштирилгани, ёлғон гувоҳларга таянилганини ҳам исботладик», — деди Ахроров.

Адвокат Хушнуд Ахроров.

Адвокатлар Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан сунъий равишда жиноят иши қўзғатилгани ҳамда бунда Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи (Тўрақул Орзиқулов) ва Чирчиқ шаҳар прокурори (собиқ прокурори Бахтиёр Иброҳимов) ташаббус кўрсатганини таъкидлашди.

Ҳимоячиларнинг мазкур сўзлари Kun.uz нашри томонидан эълон қилинаётган суд мажлисидан видеода ҳам акс этган.

Навбатдаги суд мажлиси 15 март кунига белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Гулжаҳон Йўлдошева ва яна тўрт нафар шахсга оид жиноят иши бўйича суд 27 ноябрда бошланган эди. Суд Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чорасини ўзгартиришни рад этган эди.

Суд жараёнларининг бирида Гулжаҳон Йўлдошева «дастлабки тергов органи томонидан айблов асоссиз қўйилган», дея таъкидлаган эди. Унинг адвокати Ахроров эса «Йўлдошевани судда Фаррух Рустамовнинг ўлимига умуман алоқаси йўқ"лигини айтган эди.

Маълумот учун, 10 август куни фуқаро Ш. Минбаев Чирчиқ прокуратурасига қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилиши оқибатида 2 сентябрь куни соғлиғи ёмонлашиб вафот этганини маълум қилган. Шундан сўнг, Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева 250 млн сўмдан зиёд маблағларни талон-торож қилиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш айблари билан қамоққа олинганди. У 8 сентябрь куни Чирчиқдаги гўзаллик салонида қўлга олинган. Саида Мирзиёева Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жазо чорасини ўзгартиришни сўрагач, у уй қамоғига ўтказилди. Ўшанда худди шундай сўров Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам билдирилган эди.

Озодликдан чеклаш бу — суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини ёки сутканинг муайян вақтида тарк этишни бутунлай тақиқлашдан иборат. Озодликни чеклаш 1 ойдан 5 йилгача тайинланади. Суд чеклаш билан бирга оммавий тадбирларда қатнашиш, интернетдан фойдаланиш каби бошқа тақиқларни ҳам қўйиши мумкин. Маҳкум ушбу жазони ўташдан қасддан бўйин товласа, ўталмаган муддат бошқа турдаги жазо билан алмаштирилиши мумкин.