Суд Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан эҳтиёт чорасини қамоқдан уй қамоғигача ўзгартирди, дея хабар берди Тошкент вилояти прокуратураси.

Прокуратура жиноят иши доирасида Гулжаҳон Йўлдошеванинг конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланганини таъкидлади — барча тергов тадбирлари адвокат иштирокида ўтказилган. Қайд этилишича, шаҳар халқ таълими бўлими 9 сентябрь куни Чирчиқ прокуратураси илтимосига биноан айбланувчининг олти нафар вояга етмаган фарзандини ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини кўрган.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ташаббуси билан Чирчиқ прокурори суддан Гулжаҳон Йўлдошеванинг аёл киши экани ва олти нафар вояга етмаган фарзанди борлигини ҳисобга олиб, эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўради.

Вилоят прокуратурасининг таъкидлашича, эҳтиёт чорасини ўзгартириш бош врачдан айбловларни олиб ташлашни англатмайди. Тергов давом этмоқда.

5 октябрь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Гулжахон Йўлдошевани ҳимоя қилди. Унинг олти фарзанднинг онаси экани ва уларнинг энг кичиги икки ёшдалиги боис бош врачнинг судгача қамоқда сақланаётганини қоралади.

«Гулжаҳоннинг „ишида“ нега қонун бу қадар қаттиқ ва қатъий? Олти бола билан қаергадир қочиб қутулиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?» — деб ёзди Саида Мирзиёева Тошкент вилояти прокуратурасидан қарорини қайта кўриб чиқишни сўраган ҳолда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам шу каби омилларни кўрсатган ҳолда бош шифокорни ҳимоя қилиб чиқди. Шуниси эътиборга лойиқки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги оммавий ахборот воситаларида эҳтиёт чоралари ўзгариши мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлганидан кейин баёнот берди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоят вилоят бош инфекционисти 8 сентябрь куни Чирчиқ шаҳридаги гўзаллик салонида ушланган ва бир кун ўтгач, суд қарори билан ҳибсга олинган эди. У судланувчи сифатида 167-модданинг 3-қисмининг «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жуда кўп миқдорда) ва 207-модданинг 3-қисмининг «а» банди (Мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлса) билан айбланувчи сифатида жиноий ишга жалб қилинган.