Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоятнинг бош инфекционист мутахассиси Гулжаҳон Йўлдошева Чирчиқда ҳибсга олинди. BBC ўзбек хизматининг хабар қилишича, у гўзаллик салонларидан бирида ички ишлар органлари томонидан ҳибсга олинган.

Шифокорнинг синглиси Шаҳло Йўлдошева оғзаки сўзлашувлар асосида унга нисбатан 250 миллион сўмга тенг маблағни талон-тарож қилиш айби қўйилаётганидан хабар топганини маълум қилди.

«Опамнинг ўзи ҳам коронавирусга чалиниб, энди даволаниб чиққан эди. У 7 сентябрь куни даволанишдан чиқиб, 8 сентябрь куни кечки пайт сочини бўятиш учун салонга борганда, ичкарига тўрт нафар ички ишлар ходимлари кириб келган. Ташқарида яна қанчадир ходим кутиб турган бўлган ва ўша ердан уни олиб кетишган», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди BBC Uzbek.

Фото: BBC Uzbek.

Бош прокуратура хабари

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, 10 август куни фуқаро Ш. Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва «COVID-19» ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилганлигини ва 02.08.2020 йилда унинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этганлигини, шу сабабли айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Хабар қилинишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик холати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг кўрсатмаси билан ушбу бемор оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган.

«Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор „COVID-19“ касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбири давомида жами 250,8 млн. сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-тарож қилинганлиги аниқланган.

Шифохона бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган, дейилади хабарда.

8 сентябрь куни шифохона бош шифокори Г. Ю. мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, жуда кўп миқдорда) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлса) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.

Айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига киришлиги, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан «қамоққа олиш» эхтиёт чораси қўлланилган. Терговҳаракатлари олиб борилмоқда.

Раҳбарият билан тортишув

Июль ойининг ўрталарида ижтимоий тармоқларда Гулжаҳон Йўлдошеванинг Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Орзиқулов билан телефон орқали суҳбати акс этган аудиоёзув тарқалган эди. Ўшанда вилоят ССБ матбуот хизмати бош шифокорни «вилоятнинг туман (шаҳар)лари юқумли касалликлар шифохоналари (бўлимлари) фаолиятини мувофиқлаштириш, вилоятда эпидемиологик барқарорликни сақлаш йўлида хизмат қилиш ўрнига, шифокор шаънига доғ тушурадиган ёлғон маълумотларни тарқатиш билан» шуғулланаётганликда айблаган эди.

Хабарда қайд этилишича, 17 июль куни бошқарма томонидан 18 дона «Кислород оксигенатори» аппарати қабул қилиниб, вилоят бўйича коронавирус тасдиқланган касалларни даволовчи шифохоналарга тақсимланган. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси коронавирус тасдиқланган беморларни даволовчи шифохона бўлмасада, тақсимот бўйича бу муассасага 3 та аппарат ажратилди (шифохонада 3 та аппарат бўлган).

Кейинги куни вилоят ССБ ССВдан қўшимча 80 та кислород концентратори олган, уларнинг 9 таси юқумли касалликлар шифохонасига берилган.

Август ойи бошида Гулжаҳон Йўлдошева Kun.uz нашрига пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирус беморларини ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётганини, оғир вазиятда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.

Унинг сўзларига кўра, биринчи карантин қийинчиликларсиз кечган — оғир аҳволдаги беморлар кам бўлган. «Бироқ 15 июлдан кейин оғир беморлар сони ошиб кетди, жуда кўп ўлим бўлди. Биз уларнинг экспресс-тестларини текширдик — уларнинг барчасида COVID ижобий чиққан эди», — деди у.

Гулжаҳон Йўлдошеванинг тасдиқлашича, шифохона ходимлари беморларни даволагани учун мукофот пули олмаган, сўнгра вилоят ССБ буйруғи чиқиши билан беморлар бошқа тиббиёт муассасасига ўтказилган.

Кейинроқ Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Орзиқулов бош шифокорнинг нашрга мурожаатига изоҳ берар экан, юқумли касалликлар шифохонаси коронавирус тасдиқланган беморлар учун эмас, бирламчи улар билан мулоқотда бўлган гумондор фуқароларни сақлаб туриш объекти этиб белгиланганини маълум қилди. Бундай муассасалар тиббиёт ходимлари кунлик 6 фоизли устама олишини, (5−25 млн сўмлик) мукофот эса коронавирус беморларини даволашга мослаштирилган махсус шифохоналар ходимларига берилади.