Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага оид жиноят ишини суд кўришни бошлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Суд иши Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси Суннатилло Авлакулов бошчилигида кўрилмоқда. Аввалига судья томонларнинг қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб ўтди. Судланувчиларнинг шахсларига ойдинлик киритилди, улардан айблов ҳулосаси билан тўлиқ танишиб чиққан ёки йўқлиги сўралди. Қолаверса, илтимосномага кўра, Гулжаҳон Йўлдошевага таржимон ёлланган.

ЖИБ Чирчиқ шаҳар суди раиси Суннатилло Авлакулов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров судга илтимоснома киритиб, ҳимояси остидаги шахснинг 6 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, эҳтиёт чорасини алмаштиришни сўради.

Таъкидланишича, судяланувчининг рус тилидаги айблов ҳулосасини бериш талаби таъминланмаган ва у жиноят иши билан таниш эмас. Қолаверса, Ф.Рустамовнинг ўлими бўйича эпизодда айбланган Ш.Рўзметов ва Ж.Зиядуллаевга нисбатан дастлабки тергов органи бирига гаров, бирига эса муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат эҳтиёт чоралари қўллаган. «Дастлабки тергов органи жиноят иши бошидан то якунига қадар ҳимоям остидаги Гулжаҳон Юлдашевани нима бўлсада, айблашга қаратилганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Натижада жиноят ишида тенглик принципи қўпол бузилаётгани яққол аён бўлди», — деди адвокат Аҳроров.


Адвокат Хушнуд Аҳроров. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Шунга кўра, у уй қамоғи эҳтиёт чорасини муносиб хулқ-атворда бўлиш тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартиришни, айблов ҳулосасини рус тилида прокурор томонидан тасдиқланган ҳолда олиниши таъминлашини сўради.

Судья илтимосномани инобатга олиб, шунингдек, судланувчилар айблов хулосаси билан тўлиқ танишиб чиқмасидан ишни кўриш мумкин эмаслигини таъкидлаб, 4 декабрга қадар танаффус эълон қилди. Прокурор номига бугуноқ хат чиқарилиб, судланувчига айблов ҳулосаси рус тилида тақдим этишни таъминлаш чораси кўрилишини қайд этди. Эҳтиёт чораси масаласини эса кейинги суд ишида кўриб чиқилишини айтди.

Бундан ташқари, суд жараёнида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳанузгача Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори лавозимида экани маълум бўлди.

Давлат айбловчилари. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Эслатиб ўтамиз, тергов давомида Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси мансабдор шахсларига [5 нафар] нисбатан ЖКнинг 116, 167, 207, 209, 228-моддалари билан айб эълон қилинган.

Жумладан, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г. Йўлдошева [1975 йилда Самарқанд вилоятида туғилган], айни шу шифохона шифокори Ш. Рўзметов [1990 йилда Хоразм вилоятида туғилган], шифохонанинг собиқ бош ҳисобчиси, ҳозирда Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси в.б. А. Дадаматов [1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган], Тошкент вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Ж. Зиядуллаев [1986 йилда Тошкент вилоятида туғилган], Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси бош ҳисобчиси в.б. Ж. Акимова [1977 йилда Тошкент вилоятида туғилган] судланмоқда.

Аввалроқ «Газета.uz» Йўлдошеванинг адвокати чекловлар жуда қатъийлаштирилгани, уй қамоғидаги шахсга ўрнатилган «браслет» [электрон кузатиш воситаси] етмаганидек, тиббий ёрдамга бориб-келишда ҳам ички ишлар ходимлари томонидан назорат қилинаётгани ва ортиқча босим ўтказилаётганини маълум қилганини ёзган эди.

Маълумот учун, 10 август куни фуқаро Ш. Минбаев Чирчиқ прокуратурасига қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилиши оқибатида 2 сентябрь куни соғлиғи ёмонлашиб вафот этганини маълум қилган. Шундан сўнг, Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева 250 млн сўмдан зиёд маблағларни талон-торож қилиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш айблари билан қамоққа олинганди. У 8 сентябрь куни Чирчиқдаги гўзаллик салонида қўлга олинган. Саида Мирзиёева Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жазо чорасини ўзгартиришни сўрагач, у уй қамоғига ўтказилди. Ўшанда худди шундай сўров Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам билдирилган эди.