Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов Бош прокуратуранинг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди. Ушбу маълумотни «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.

8 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, жуда кўп миқдорда) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлса) билан айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинган эди.

13 сентябрга келиб, ОАВларда Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг интервьюси чиқа бошлади. Прокурор унда терговга қадар текширув ишлари якун топмаган, айби ҳали тўлиқ исботланмаган Гулжаҳон Йўлдошеванинг айблилик масаласига кескин муносабат билдирган эди. Бу билан у айбсизлик презумпциясига амал қилмаган.

Шундан сўнг, Xabar.uz`да таниқли адвокат Усмонхон Салоҳиддиновнинг мазкур ҳолатга муносабати ҳам эълон қилинди. Адвокат ўшанда, «…прокурор жаноблари мазкур интервьюсида амалдаги жиноят процессуал қонунчилик талабларига зид равишда, ҳали терговолди ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича тергов маълумотларини ошкор қилиши ўз-ўзидан савол туғдиради: Жиноят иши дастлабки босқичда эканини тан олган прокурор айблов судда нафақат тасдиқланиши, балки далиллар рад этилиши ҳам мумкинлигини билмайдими ёки била туриб, қонунга зид тарзда бўлса-да жамоат фикрини шакллантиришни, шу орқали судга таъсир ўтказишни мақсад қилганми?», — дея фикр билдирган эди.

Шунингдек, Салоҳиддинов прокурорнинг Конституциянинг 26-моддаси («жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, у айби аниқланмагунча айбдор ҳисобланмайди») ҳамда амалдаги ЖПКнинг 23-моддаси («Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади») талабларини ҳам менсимаганини қўшимча қилганди.

Тергов якунланиб, иш судга оширилган вақтда адвокат Хушнуд Аҳроров «Газета.uz»га Йўлдошеванинг чекловлари жуда қатъийлаштирилгани, уй қамоғидаги шахсга ўрнатилган «браслет» [электрон кузатиш воситаси] етмаганидек, тиббий ёрдамга бориб-келишда ҳам ички ишлар ходимлари томонидан назорат қилинаётгани ва ортиқча босим ўтказилаётганини маълум қилган эди.

27 ноябрь куни Йўлдошева ва бошқаларга оид жиноят иши ЖИБ Чирчиқ шаҳар судида кўрила бошланди. Мажлисда шифокорнинг адвокати Хушнуд Аҳроров, «Дастлабки тергов органи жиноят иши бошидан то якунига қадар ҳимоям остидаги Гулжаҳон Йўллдошевани нима бўлсада, айблашга қаратилганига гувоҳ бўлмоқдамиз», — дея таъкидлаган эди.

Ҳозирда иш ЖИБ Чирчиқ шаҳар суди раиси Суннатилло Авлакулов бошчилигида кўриб чиқилмоқда. Унда беш нафар гумонланувчининг 20 та эпизоддан иборат айблов хулосаси бўйича кўрсатувлари тингланди. Эндиликда судда гувоҳлар кўрсатувлар бермоқда. «Газета.uz»га маълум қилинишича, навбатдаги суд мажлиси 1 февраль санасига белгиланган.