Корея Республикаси Ўзбекистоннинг мактабгача таълим ташкилотларига 275 та робот ва 350 та ўқув қўлланмаларини совға қилди. Болаларга робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатиш учун мўлжалланган Albert ва Genibot ақлли роботларини топшириш маросими 9 февраль куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир МТВ, KIRIA робот саноатини ривожлантириш институти, Корея ўқитувчилари уюшмаси, шунингдек, FRG Korea, Dazzle Edu, Genie Robot ва SK Telecom компаниялари вакиллари иштирокида онлайн тарзда бўлиб ўтди.

«Биз болалар боғчаларида дастурлаш кўникмалари ҳақида гапирганда, код ёзишни назарда тутмаймиз. Гап замонавий реал ҳаёт шароитларида муваффақият гарови бўлмиш алгоритмик тафаккурни ривожлантириш ҳақида кетмоқда. Ўйин услубидаги роботлар ижодкорлик, мантиқ, намуналарни таниб олиш ва оптимал ечимларни топиш қобилиятларини ривожлантиради», — деди Оятилло Раҳматиллаев, МТВ Ахборот-педагогик технологиялар инновацион маркази директори.

Albert ва Genibot роботлари 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган. Биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида ўйинчоқни ҳаракатланишга, кўзини милтиратишга, гапиришга мажбур қилади. Шу тарзда у код блокларининг қандай ишлашини тушуниб олади. Ёши каттароқ болалар роботни смартфонга улаб, ўз буйруқлари ва алгоритмларини яратишлари мумкин.

Роботлар бутун Ўзбекистон бўйлаб 53 та болалар боғчаларида тарқатилади. Ўқитувчиларни жойларда ўқитиш ва пилот лойиҳа натижаларини мониторинг қилиш ХТВ ҳузуридаги Инновация маркази томонидан амалга оширилади.

Агар лойиҳа муваффақиятли якунланса, ХТВ кўпроқ болалар боғчаларини ақлли роботлар билан таъминлашни ва ногирон болалар учун дастур билан уларнинг функцияларини тўлдиришни режалаштирмоқда.

Роботларга асосланган ўқув дастури Жанубий Кореяда яхши натижаларни кўрсатган, деб таъкидлайди ХТВ. Ҳукумат кўмаги билан у ерда 140 та ўқув хонаси очилиб, мамлакат бўйлаб мингдан зиёд ўқувчини қамраб олди. Франция, Испания, Коста-Рика ва Перудаги мактаблар ва болалар боғчалари шу каби синов дастурларини бошлади.