Тошкент шаҳрида бир неча тўлов терминаллари ўғирлангани аниқланган. Яшнобод тумани ИИБ томонидан олиб борилган ишлар натижасида жиноят ишида гумонланаётган икки нафар шахс қўлга олинган.

Ушбу шахслар Яшнобод тумани Қорасув қўчасидаги 5 уй ёнида жойлашган дўкон ёнидан Paynet банкоматини ўғирлаётганида, туман ИИО ФМБсига бу ҳақда хабар берилган. Тезкор қидирув ишлари олиб борилганда, давлат рақами ечилган оқ Дамас русумли автомашинага ушбу банкомат ортиб, олиб кетилаётганлиги аниқланган.

Маълумотларга кўра, гумонланаётган шахслар 2020 йил 15 декабрдан 2021 йилнинг 2 январь вақт оралиғида жами 7 та тўлов терминалларини ўғирлаб, уларни бузган ва ичидаги пулларни сарфлаб юборишган.

Гумондаги шахслар Д. (1990 йилда туғилган) ва Р. (1989 йил туғилган) бундан аввал Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо муддатини ўтаб чиққани маълум қилинди.