UzAuto Motors компаниясининг юридик департаменти директори Рустам Шаймарданов муаллифлиги остида чиқарилган мақолада компания ҳақида эълон қилинган турли хил мақолалар унинг бренди ва мамлакат инвестиция жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатган.

«2020 йилда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда „махсус буюртма“ асосида турли бўҳтон ва асоссиз хабарларнинг тарқатиб борилаётганлиги, нафақат миллий бренднинг нуфузига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Унда айтилишича, биринчидан бундай хабарлар тарқалиши 2020 йилнинг август-сентябрь ойларида «UzAuto Motors"АЖ кунлик тушумини қарийб 30−40 млрд сўмга кескин камайишига ёхуд жорий йилнинг август-сентябрь ойларида белгиланган режани 562 млрд сўмга кам бажарилишига сабаб бўлган.

Бундай йўқотишлар жамиятнинг мазкур тушумларга мутаносиб равишда давлат бюджетига солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлашига тўсқинлик қилганлиги айтилган.

Маблағ тақчиллиги юзага келиши натижасида сентябрь ойида режалаштирилган аккредитив тўловлари ва хорижий ҳамкорларга йўналтириладиган тўловлар октябрь-ноябрь ойларида кечиктириб тўланган, дейилади мақолада.

UzAuto Motors вакилининг ёзишича, иккинчидан, ушбу хабарлар Ўзбекистон инвестиция жозибардорлигига салбий таъсир кўрсатиб, аксарият инвесторларда мамлакатга инвестициялар олиб киришида иккиланишлар пайдо қилмоқда.

Учинчидан, хорижий ҳамкорлар билан компаниянинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги 150 млн евро миқдоридаги давлат аҳамиятига молик ҳамкорлик келишувини кечикишига ҳам шундай хабарлар сабаб бўлганлиги таъкидланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида депутатлар томонидан UzAuto Motors «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига риоя қилаётганлигини текшириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборилган эди. 19 август куни эса Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобил нархларини 3млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунингдек, март ойидан буён, яъни янги асоссиз оширилган нархларда автомобилларни сотиб олган мижозлар билан қайта ҳисоб китоб қилиш топшириғи берилган эди.

UzAuto Motors эса бунга жавобан «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.

Кейинчалик UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилган эди. Тошкент шаҳар маъмурий суди UzAuto Motors АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини қаноатлантирди. Қўмитадан UzAuto Motors томонидан тўланган давлат божини ундирилиши белгиланди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси суд қарори устидан шикоят қилишини маълум қилди.

18 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди UzAuto Motors иши бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикоятини қаноатлантирмади.

Бундан ташқари, UzAuto Motors компаниясининг фаолияти бир неча маротаба депутатлар (1, 2) томонидан танқид қилинган эди.