18 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикоятини қаноатлантирмади.

Олий суд матбуот хизмати маълум қилишича, Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикоятини мазмунан кўриб чиққан.

Судда жавобгар вакиллари томонидан апелляция шикоятига қўшимча тақдим этилиб, тарафлар ўртасида муҳокама қилинган ва иш юритувига қабул қилинган. UzAuto Motors акциядорлик жамияти вакилларининг жавобгар томонидан келтирилган апелляция шикояти юзасидан эътирозлари тингланди.

«Апелляция судлов ҳайъати тарафларнинг тушунтиришлари ва прокурорнинг фикрини эшитиб, ишни кўриш натижаси бўйича қарор қабул қилди. Қарорга кўра биринчи инстанция судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, судлов ҳайъати ишни кўришда тараф сифатида «Azimavtomotive» МЧЖ ва истеъмолчиларни учинчи шахс сифатида жалб этиш тўғрисидаги илтимосномани рад этилганлигини эълон қилди.

Суднинг қарори эълон қилинганидан сўнг, тарафларга нима сабабдан судлов ҳайъати ушбу хулосага келганлиги ва қарорга нисбатан шикоят бериш муддати ва тартиби тўғрисида тушунтириш берилди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида депутатлар томонидан UzAuto Motors «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига риоя қилаётганлигини текшириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборилган эди. 19 август куни эса Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобил нархларини 3млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунингдек, март ойидан буён, яъни янги асоссиз оширилган нархларда автомобилларни сотиб олган мижозлар билан қайта ҳисоб китоб қилиш топшириғи берилган эди.

UzAuto Motors эса бунга жавобан «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.