Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан UzAuto Motorsда «Рақобат тўғрисида"ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган ишнинг давоми бугун кўриб чиқилди, дея хабар қилди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўзининг Telegram-каналида.

Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобил нархларини ассоссиз оширганини тасдиқлади. Унга кўра автомобиллар нархлари 3млн. сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширилгани аниқланди.

Шунга кўра комиссия UzAuto Motors компаниясига бугундан бошлаб нархларни асоссиз оширилган қисмини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, март ойидан буён, яъни янги асоссиз оширилган нархларда автомобилларни сотиб олган мижозлар билан қайта ҳисоб китоб қилиш топшириғи берилди.

Депутатнинг қўшимча қилишича, комиссия қарори мажбурий кучга эга. Лекин компания комиссия қароридан норози бўлса, судга бериши ва жараён ҳали давом этиши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors фаолиятининг «Рақобат тўғрисида» ги қонун талабларига мувофиқлиги, ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун нархларни шакллантириш ўрганишни бошлагани хабар қилинган эди.