30 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAuto Motors АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди. Суд ишига кўра, UzAuto Motors АЖнинг шикоят аризаси қаноатлантирилди.

Ушбу маъмурий иш судья Ғолибжон Давлатов раислигида кўриб чиқилмоқда.

Жараён очиқ суд мажлисида давом эттирилди ва дастлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили С. Атамуратов судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда ишни кўришда жамият истеъмолчиларини ҳамда Azimavtomotive МЧЖни мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилишни сўради. Мазкур илтимоснома тарафлар ўртасида муҳокама қилингач, суднинг ажримига асосан жамият истеъмолчилари сони ва шахси аниқ эмаслиги ҳамда шикоят талаби уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бевосита таъсир кўрсатмаслиги сабабли илтимосномани қаноатлантириш рад этилди.

Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили С. Атамуратов судга иккинчи илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда UzAuto Motors АЖ вакили Н. Отахонованинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўради. Мазкур илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралгач суднинг якуний ҳал қилув қарори эълон қилинганда тушунтириш берилиши маълум қилинди.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи UzAuto Motors АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитасидан аризачи UzAuto Motors АЖ фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 230 000 сўм ва 20 000 сўм почта харажатлари ундириш белгиланди.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар беришича, қўмита суд қарори устидан шикоят қилади.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилган эди. 2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган эди. Унда UzAuto Motors суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома киритди.