UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўз Telegram-каналида хабар берди.

Судда Монополияга қарши курашиш қўмитасидаги махсус комиссиянинг «UzAuto Motors» АЖдан енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини тушириш ва ортиқча олинган маблағни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисидаги қарори кўриб чиқилади.

Хабарда ёзилишича, суд 2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида депутатлар томонидан UzAuto Motors «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига риоя қилаётганлигини текшириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборилган эди. 19 август куни эса Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобил нархларини 3млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунингдек, март ойидан буён, яъни янги асоссиз оширилган нархларда автомобилларни сотиб олган мижозлар билан қайта ҳисоб китоб қилиш топшириғи берилган эди.

UzAuto Motors эса бунга жавобан «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.