19 август куни Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобил нархларини 3млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган эди.

Шунга кўра комиссия UzAuto Motors компаниясига нархларни асоссиз оширилган қисмини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, март ойидан буён, яъни янги асоссиз оширилган нархларда автомобилларни сотиб олган мижозлар билан қайта ҳисоб китоб қилиш топшириғи берилди.

«UzAuto Motors» компанияси асос келтириш учун зарур қўшимча материалларни тайёрлашга муддат қисқа эканлиги туфайли, иш кўриб чиқилиши кейинроққа қолдирилишини сўраб илтимоснома юборганлигини айтмоқда.

«Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш бир тарафлама кўриб чиқилди, унинг якунида нотўлиқ маълумотларга асосланган қарор қабул қилинди», — дейилади компания хабарида.

Компания автомобилларни ишлаб чиқариш мураккаб жараён бўлиб, уни ўрганиш етарлича вақт талаб этишини, «UzAuto Motors» фаолиятини янада чуқурроқ ва асослироқ ўрганиш келгуси суд муҳокамалари давомида мумкин бўлишини айтмоқда. Компания ўзининг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланишни режалаштирган.

Компания Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланмаслигини, кейинги хатти-ҳаракатлар суд муҳокамалари якунларидан келиб чиқиб белгиланишини таъкидлади.

Ўз навбатида, компания автомобиллар нарх асосли эканлигини ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсизлигини айтган.