АОКАда бўлиб ўтган анжуманда ички ишлар вазирининг ўринбосари Рустам Хатамов UZB, ZDF ва бошқа рақамли хизмат машиналари ҳам жаримага тортилишини қайд этди. Унинг айтишича, йўл қоидаларини бузган ҳар қандай транспорт воситаларига ЙПХ ходимлари томонидан жойида чора кўрилмаган тақдирда ҳам видеофиксаторга тушган ҳолатларга маъмурий баённома расмийлаштирилади.

«Бу борада биринчи навбатда айтиб ўтмоқчи эдимки, ЙХҲ ходимларидан ташқари, Тошкент ва бачра ҳудудларда видеофиксаторлар бор. Албатта йўл қоидаларини бузган ҳар қандай транспорт воситаларига ЙҲХ ходимлари томонидан жойида чора кўрилмаган тақдирда ҳам видеофиксаторга тушган ҳолатлар жарима асосида маъмурий баённома асосида расмийлаштирилади. Бу мен очиқ айтаман, бу бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи амалга оширилади», — деди вазир ўринбосари.

У шунингдек, ЙҲХ ходимлари давлат идораларига тегишли рақам остидаги автомашиналар ҳайдовчилари қоида бузганида нега тўхтатилмаслигига ҳам ойдинлик киритиб ўтди.

«Баъзи пайтларда шунақа ҳолатлар бўлади, тезкор ходимларимиз жиноятчини кетидан қувлаш ёки бир фавқулоддаги вазиятларда тезкорлик билан транспорт воситасида ҳаракатланишга тўғри келиб қолади. Ана шундай пайтларда биз радиоалоқа воситалари билан чиқиб, йўл очиб бериш чоралари кўрилади. Лекин, мен ишонтириб айтаманки, вазирлик раҳбарияти бу масалаларга муросасиз муносабат бўлиб, келажакда бундай ҳолатларга нисбатан ўзимизни салбий муносабатимизни ва керакмас пайтларда амалга оширган (қоида бузган — таҳр.) ходимларга нисбатан кескин чоралар кўришни таъминлаймиз», — деди Рустам Хатамов.