Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида судьялар фаолиятига асоссиз аралашув бўйича сўнгги вақтларда кузатилган учта ҳолат тўғрисида маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳозирда битта ҳолатда жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда. Яна бир ҳолатда эса Қашқадарё вилоятидаги туманларнинг бирида ҳоким судья фаолиятига аралашгани учун вазифасидан озод этилган.

«Газета.uz» мазкур ҳолат тафсилотларини батафсил ўрганиб, Судьялар олий кенгаши раиси таъкидлаган ҳолат Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳокими Бобоқулов Саъдулла Абдуллаевичга алоқадорлигини аниқлади. «Газета.uz»нинг вилоят маъмуриятидаги манбаси ҳам у айнан ушбу воқеа сабаб ишдан бўшатилганини тасдиқлади.

Шунингдек, Саъдулла Бобоқулов иши бўйича хизмат текшируви ўтказилган ва натижаси бўйича Судьялар олий кенгаши хулоса берган бўлиб, «Газета.uz» ихтиёрида Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди раиси О.Мелиевнинг билдиргиси нусхаси мавжуд.

Ўз навбатида, 10 апрель куни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур маълумотни инкор этиб, Саъдулла Бобоқулов туман суди раиси ва судьяларига босим ўтказгани учун эмас, балки соғлиғи ёмонлашгани сабаб ишдан олинганини хабар қилди. Ҳозирда Саъдулла Бобоқулов Қашқадарё вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритмоқда.

Воқеа тафсилотлари

2019 йил 23 октябрь. Фуқаро Н.Турсунов жавобгарлар Ғузор туман ҳокимлиги ва «Ғузор деҳқон (озиқ-овқат) бозори» МЧЖга нисбатан «ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш ҳақида"ги даъво аризаси билан ФИБ Ғузор туманлараро судига мурожаат қилган. Ишни судья Д.Шамсиева кўриб чиққан.

Аризада Ғузор туман ҳокими С.Бобоқулов Н.Турсуновни бозор раислигидан ғайриқонуний равишда бўшатгани, унинг ўрнига эса ўзига яқин бўлган С.Усмоновни тайинлагани келтирилган. Шу сабабли жамиятнинг тегишли қарорини ғайриқонуний деб топиш ва бекор қилиш, ўзини ишга тиклаш ҳамда 100 млн сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўраган. Суд жамиятининг тегишли қарорини ғайриқонуний деб топиб, даъвогарни бозор раиси лавозимига тиклаган.

2019 йил 5 декабрь. Ғузор туман ҳокими С.Бобоқулов ушбу қарорга нисбатан апелляция шикояти киритган. 25 декабрда эса ҳоким ФИБ Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясига мурожаат қилиб, апелляциядан воз кечган. 2020 йил 10 январда вилоят суди ажрими билан апелляция иш юритишдан тугатилган.

2020 йил 14 январь. Ҳоким С.Бобоқулов қонунга зид равишда «Ғузор деҳқон (озиқ-овқат) бозори» МЧЖнинг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказган. Н.Турсуновни яна ишдан бўшатиб, унинг ўрнига иккинчи марта С.Усмоновни тайинлаган.

2020 йил 21 январь. Даъвогарлар Я.Мейлиев, Н.Турсунов ва бошқалар судга яна мурожаат қилган. Бу сафар иш электрон тақсимот орқали туманлараро суд раиси Саттор Ақановнинг қўлига тушган.

2020 йил 17 февраль. Жавобгар С.Усмонов Халқ депутатлари Ғузор кенгашининг депутати, доимий комиссия раиси О.Исматов имзоланган хатда бозорнинг собиқ раиси Н.Турсунов бозордан тушган йиғимларни давлат бюджетига тўлиқ топширмагани, янги раис С.Усмонов иш бошлагандан буён тушумларнинг кўпайгани, қолаверса, давлат бюджетига етказилган зарар миқдорлари ва аудит текширувида аниқланган камчиликларни, бозорнинг 28 фоизлик улуши қонунчиликка зид равишда амалга оширилгани сабабли улушни давлатга қайтариш масаласини ишга қўшиб, кўриш сўралган. Бундан ташқари, туман Кенгашининг 30 нафар депутати ҳам судга илтимоснома киритган. Суд эса барча илтимосномани рад этган.

2020 йил 25 февраль. Ҳоким С.Бобоқулов ишни тўхтатиб туриш ҳақида судга илтимоснома киритади. Илтимоснома рад этилиб, даъво талаби қисман қаноатлантирилган. Мажлис якунида жавобгар С.Усмонов суд залида жанжал кўтариб, Саттор Ақановга «Ишни ноқонуний кўрдингиз, устингиздан шикоят қилиб, президентга қадар бораман» деган. Бу бўйича далолатнома тузилган.

2020 йил 25 февраль. Суд даъвони қисман қаноатлантиради, Я.Мейлиев, Н.Турсунов ва бошқалар ишга тикланади. Жамиятдан Н.Турсунов фойдасига 1,5 млн сўм иш ҳақи, 500 минг сўм маънавий зарар ҳамда давлат фойдасига 1,1 млн сўм давлат божи ундирилади.

2020 йил 26 февраль. Ғузор туман ҳокими С.Бобоқулов С.Ақановга қўнғироқ қилган ва суҳбат ёзиб олинган. Мазкур суҳбат 12 март куни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган.

Туман ҳокими ва суд раиси ўртасидаги суҳбат:

Бобоқулов: Туман кенгаши раиси Бобоқуловман, туман ҳокимиман, ассалому алайкум.

Ақанов: Ҳа, соғлиқларингиз яхшими, тинчми?

Бобоқулов: Таништирдику сизга ҳозир, туман ҳокими сўраяпти деди, яхшимисиз?

Ақанов: Нима бўпти? Яхши раҳмат, худога шукур. Процессдаман.

Бобоқулов: Ёшингиз кичкина, салом берсангиз бўладику.

Ақанов: Процессдаман. Хўп, нима гап? Суд процессидаман. Нимага телефон қилаяпсиз?

Бобоқулов: Нимага телефон қилаяпсиз, дейсизми?

Ақанов: Процессдаман, хўп.

Бобоқулов: Ҳозир вақтингиз йўқми гаплашгани?

Ақанов: Процессдаман, иш кўраяпман, ҳоким бобо.

Бобоқулов: Қачон вақтингиз бўлади?

Ақанов: Марҳамат, қабулга келаверинг, обедгача иш кўраман.

Бобоқулов: Қабулга мен бормайман, сиз келасиз қабулимга.

Ақанов: Бормайман, кечириб қўясиз, сизнинг қабулингизга.

Бобоқулов: Бўпти, майли.

Ҳоким Ақановга Халқ депутатлари туман кенгашига ахборот бериш учун чақириш мақсадида телефон қилганини айтган. «Мулоқотда, ФИБ Ғузор туманлараро суди раиси ахбороти ҳақида суҳбатлашилмаган. 26 февраль куни ҳоким ёки унинг ёрдамчиси Ғузор туманидаги қолган суд раисларига ахборот бериш юзасидан телефон қилмаган», — дейилади хизмат текшируви хулосасида.

Бундан ташқари, ҳокимият раҳбарияти ҳамда туман депутатлари (Ғ.Бараков, Ш. Усмонов, С.Гайбуллаев ва Қ.Жумаева) томонидан С.Ақанов туман ҳокимига ҳурматсизлик қилгани ва одоб-аҳлоқ доирасидан чиқиб муомалада бўлгани ҳақида далолатнома тузилган. Шу куниёқ ҳокимият Судьялар олий кенгашига мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, чора кўришни сўраб, хат юборган.

2020 йил 4 март. Ҳокимнинг 24 февралдаги қарорига асосан Халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси чақирилган. Кун тартибига судлар раислари ахбороти киритилган. Йиғилишда ҳоким туманга меҳмон келганини айтиб, кун тартиби кетма-кетлигига амал қилмасдан, биринчи бўлиб ахборот бериш учун сўзни С.Ақановга берган. Депутат С.Усмонов (у бозорга оид суд ишида жавобгар бўлган) суд раиси С.Ақановга (юқоридаги суд ишини кўриб чиққан) илтимоснома рад этилгани ва даъво аризаси қаноатлантирилгани сабаби ҳақидаги савол билан мурожаат қилган.

2020 йил 14 март. Ҳоким С.Бобоқулов Н.Абдуллаев (ЖИБ Ғузор туман суди раиси), Б.Ахмедов (Ғузор туман маъмурий суди раиси), Н.Хўжақулов (Ғузор туманлараро иқтисодий суди раиси в.б) ҳамда Д.Шамсиева (ФИБ Ғузор туман суди судьяси) билан учрашган. Мулоқот чоғида ҳоким суд ҳокимияти уни ҳимоя қилмаётганидан норози эканини, тўртта суд раислари ҳокимият билан ҳамкорлик қилишлари, шанба ва якшанба кунлари доим ёнида туришлари лозимлиги, суд раиси С.Ақанов билан телефон орқали суҳбат жараёнини юқори турувчи судьялар билан маслаҳатлашиб амалга оширганини айтган.

2020 йил 14 март. C.Бобоқулов суд раиси билан телефондаги мулоқоти юзасидан Daryo.uz`га изоҳ берган ва «Ҳокимлар қарғага ўхшаб қолдик, ким кўрса ҳайдаяпти» дея таъкидлаган. Қўшимча тариқасида 10−12 кун ўтса ҳам Кенгаш муносабат билдирмаганини айтган.

2020 йил 16 март. Судьялар олий кенгаши ҳоким ёлғон гапираётганини маълум қилган. «Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, Ғузор туман ҳокими Саъдулла Бобоқулов номидан юқоридаги ҳолат юзасидан Судьялар олий кенгашига хат келиб тушмаганлиги аниқланди», — дейилган хабарда. Бундан ташқари, телефондаги мулоқот, ҳокимнинг важлари ҳамда унинг суд ишларига аралашуви ва судьяга нисбатан босим ўтказиши юзасидан текширув бошлангани маълум қилинган.

Ҳоким Саъдулла Бобоқулов билан боғлиқ бошқа иш

«Бозорга тааллуқли иш туман маъмурий судида ҳам кўрилган. Ариза қаноатлантирилгандан кейин ҳоким С.Бобоқулов томонидан суд раиси Б.Ахмедовнинг хатти-ҳаракатлари устидан Қашқадарё вилоят судига хат қилиш орқали унга босим ўтказишга ҳаракат қилган», — дейилади билдиргида.

2019 йил 15 июль. Ҳоким Қашқадарё вилоят сув омборлари бошлиғи Х.Пармановга телефон қилган. Улар ўзаро тортишиб қолишган ва ҳоким ўзаро суҳбатни ёздириб олиб, Пармановга нисбатан маъмурий материал қилдирган. Ишни Ғузор тумани маъмурий суди кўриб чиққан.

2019 йил 5 август. Суд қарорига кўра, Х.Пармановга МЖтКнинг 41-моддаси билан 33-моддасини қўллаган ҳолда 405 минг сўм жарима тайинланган.

Хизмат текшируви ҳулосаси:

Юқоридаги ҳолат ҳам инобатга олиниб, С.Ақанов ва С.Бобоқулов ўртасидаги суҳбат ҳоким томонидан атайин қилинган деб ҳисоблашга асос бўлади. Шунингдек, ҳоким бозор иши бўйича суд раиси С.Ақановга турли йўллар билан босим ўтказишга ҳаракат қилганидан далолат беради.

С.Ақанов ва С.Бобоқулов ўртасидаги 26 февралдаги мулоқотда суд раиси ҳокимга нисбатан одоб-аҳлоқ нормаларини бузмаган ҳамда қўполлик қилиш ҳолати ўз тасдиғини топмади.

С.Ақанов «Судьяларнинг одоб-аҳлоқ кодекси» талаблари доирасида ўз ваколатларини амалга оширишда унга таъсир ўтказилгани тўғрисида хулоса чиқаришга йўл қўядиган ҳамда судьянинг мустақиллиги ва холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатларни ҳоким С.Бобоқулов томонидан содир этилиши учун имкон яратиб бермаган.

Бозорга оид иш бўйича ҳоким суд раиси С.Ақанов ёнига ходимларини (Ш.Абсаломов ва Б.Неъматов) юбориб, туман ҳокимлиги фойдасига қарор чиқаришни талаб қилгани ҳолатини хизмат текшируви ўтказиш йўли билан аниқлашнинг имкони бўлмади.

Бироқ Ғузор туман ҳокими С.Бобоқуловнинг суд иш фаолиятига аралашиб келаётгани ҳолати — бозор иши бўйича ҳокимлик фойдасига қарор қабул қилинмагани сабабли суд раиси С.Ақановга нисбатан босим ўтказгани қисман ўз тасдиғини топган ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, «Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасига асосан судьялар мустақил ва фақат қонунга бўйсунади. Уларнинг фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Ўзбекистонда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Жиноят кодексининг 236-моддасига мувофиқ, тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларидан тортиб, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил ноябрь ойида Ғузор тумани собиқ ҳокими С.Бобоқуловга фаолиятидаги айрим камчиликлари учун Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига асосан, хайфсан берилган эди. Ўша йили декабрь ойида ҳокимият электр энергия тармоғига ўзбошимчалик билан улангани ва натижада 55,8 млн сўм зарар етказилгани аниқланган.