Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳокимияти тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Ҳужжатларда маъмурият биносидаги ҳисоблагич ўчирилган кўрсатилган, дея хабар қилди «Ўзэнергоинспекция» ҳудудий бўлими.

Ноқонуний равишда фойдаланилган электр энергияси ҳажми 124,2 минг кВт⋅с, зарар миқдори эса 55,8 млн сўмни ташкил этди.

Шунингдек, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарашли кўча чироқлари электр таъминоти ҳисоб нуқталари ўрганилганда, битта ҳисоб нуқтасида ҳисоблагичсиз ўзбошимчалик билан улангани, битта ҳисоб нуқтасида ҳисоб-схема бузилгани, яъни ҳисоблагич ажратиб қўйиб ишлатилаётгани, 4 та ҳисоб нуқтасида мавжуд трансформатор пункти ва ҳисоблагичлар шартнома ва дастурга киритилмасдан ишлатилаётгани аниқланди.

Текширув якунлари бўйича 335,6 млн сўм (745,8 минг кВт.с) қайта ҳисоб қилинди ва ундиришга йўналтирилди.