ХТВ матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йилнинг 17 январь куни Халқ таълими вазирлиги АҚШдан 6 нафар халқаро профессорни қабул қилади. Улар томонидан English Speaking Nation лойиҳаси доирасида умумтаълим мактаб ўқитувчилари учун инглиз тили дарслари ва малака ошириш семинарлари ўтказилади.

Хабарда айтилишича , 6 нафар профессор 10 ой давомида Наманган, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш минтақавий марказларида фаолият олиб боради.

Америкалик профессорлар ёрдамида ушбу вилоятларидаги 4000 нафар инглиз тили ўқитувчиси ўз малакаларини ошириш имконига эга бўлади, дейилади хабарда.

Профессорлар сертификатланган мутахассислар бўлиб, магистр ва докторлик даражаларига эга. Улар TESOL, TOEFL ўқитиш сертификат соҳиблари ҳисобланади.