7 декабрь куни Ўзбекистонда кундузги об-ҳаво шароитини Урал устида жойлашган кучли совуқ антициклон периферияси белгилайди, дея хабар берди Ўзгидромет.

Республика ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради, фақат Сурхондарё вилоятида, кечга қараб эса Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида бироз ёмғир ва қор ёғиши мумкин.

Ҳарорат фони меъёрий қийматлардан 6−8 даражага паст бўлиши сақланиб туради ва 0−5 даража илиқни ташкил этади.

Эртага, 8 декабрда мамлакатнинг баъзи ҳудудларида бироз қор ёғади, Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.

Чоршанба куни фақат Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли сақланиб туради. 10−11 декабрда об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади.

Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати кечалари 2−7 даража совуқ, кундуз кунлари 0−5 даража илиқ атрофида бўлади, шунингдек бу кунларнинг иқлимий меъёридан 6−9 даражага паст бўлади.